“Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш” бўйича ўқув семинар бўлиб ўтмоқда
2024-10-30 20:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур семинар “БМТ Аёллар тузилмаси” ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида жорий йилда имзоланган икки томонлама ҳамкорлик меморандумига асосан, давлат молиясини бошқариш тизимига гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни босқичма-босқич жорий этиш доирасида ташкил этилди.
Ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад семинар иштирокчиларининг гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, халқаро экспертлар томонидан мазкур йўналишда тўғридан-тўгри тушунчалар берилиши, семинар иштирокчилари ҳамда экспертлар ўртасида мулоқот ўрнатиш ҳисобланади.
Ушбу ўқув семинарда “БМТ Аёллар тузилмаси”нинг Ўзбекистон бўйича дастури раҳбари Жерен Гувен Гуреш, “БМТ Аёллар тузилмаси”нинг экспертлари Блерина Хҳани ҳамда Мустафа Чадир каби мутахассислар иштирок этишди.
Семинар давомида гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш, унинг элементлари, гендер статистикаси, бюджет жараёнларига гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш тамойилларини жорий этиш ва бошқа йўналишлар ҳақида экспертлар томонидан тушунчалар берилди.
Семинар бошида “БМТ Аёллар тузилмаси”нинг Ўзбекистон бўйича дастури раҳбари Жерен Гувен Гуреш сўзга чиқиб, семинардан кўзланган мақсад, “БМТ Аёллар тузилмаси”нинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова сўзга чиқиб, мамлакатимизда гендер тенглиги соҳасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, уларни давлат молиясини бошқариш тизимига уйғунлаштириш ҳақида гапириб ўтди.
Шунингдек, экспертлар томонидан Ўзбекистонда гендер тенглигининг ҳолати, қонунчилик базаси ва стратегиялари, бошқарувда гендер тенглиги, гендер тамойилларини ҳисобга олиш каби мавзуларда тушунчалар берилди ҳамда семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга улар томонидан жавоб берилди.
Мазкур семинар жорий йилнинг 31 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари ҳам давом этиши режалаштирилган.
Бунда семинарнинг иккинчи кунида гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш ҳақида асосий тушунчалар, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш воситалари, бюджет жараёнида бир иштирокчининг роли ва масъулиятлари тушунтирилиб ўтилади. Семинарнинг якуний кунида эса, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш ва давлат молиясини бошқариш, гендер статистикаси, гендерга таъсир қилувчи асосий самарадорлик кўрсаткичлари, келгусидаги қадамлар бўйича тушунчалар берилиши кўзда тутилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



