Ўзбекистон Республикаси Конституциясида тадбиркорлар учун асосий кафолатлар ва уларнинг амалий аҳамияти
2026-11-26 20:35:00 / Вазирлик янгиликлари

1. Қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш
Конституцияда давлат зиммасига қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш вазифасининг юклатилиши тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини англатади.
Бу, ўз навбатида, бизнес субъектлари учун барқарор ва қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
2. Тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш ҳуқуқи
Тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқининг Конституция даражасида мустаҳкамланиши иқтисодий эркинликнинг муҳим кафолатидир.
Ушбу норма тадбиркорларга қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида ўз бизнесини йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва фаолият кўламини кенгайтириш имконини беради. Бу эса тадбиркорлик ташаббуслари, янги иш ўринлари ва иқтисодий фаолликнинг ошиши учун замин яратади.
3. Бизнес фаолияти йўналишини мустақил танлаш ҳуқуқи
Тадбиркорларнинг ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи уларга бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича қарорларни мустақил қабул қилиш имконини беради.
Жумладан, тадбиркор бозор талабини, мавжуд ресурсларини ва иқтисодий манфаатларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки савдо йўналишларини белгилаши, янги маҳсулот ва хизматларни бозорга олиб чиқиши мумкин. Бу тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва бизнеснинг ўзгарувчан бозор шароитларига мослашувчанлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
4. Ягона иқтисодий макон ва ресурсларнинг эркин ҳаракатланиши
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши тадбиркорлик фаолияти учун муҳим имкониятларни яратади.
Бу кафолат бизнес субъектларига мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритиш, маҳсулот ва хизматларини кенг бозорга олиб чиқиш, зарур меҳнат ресурслари ҳамда молиявий маблағлардан фойдаланиш имконини беради. Натижада ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб, товар ва хизматлар бозори кенгаяди ҳамда иқтисодий фаоллик рағбатлантирилади.
5. Монопол фаолиятни қонун билан тартибга солиш ва чеклаш
Конституцияда монопол фаолиятнинг қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришнинг муҳим ҳуқуқий кафолатидир.
Ушбу норма бозорда тенг рақобат шароитларини таъминлаш, рақобатга зид ҳаракатларнинг олдини олиш ва тадбиркорлик субъектларининг бозорда фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. Соғлом рақобат эса маҳсулот ва хизматлар сифатининг ошиши, янги ечимлар ва технологияларнинг жорий этилиши ҳамда истеъмолчилар учун танлов имкониятларининг кенгайишига туртки беради.
Хулоса қилиб айтганда, Конституцияда белгиланган мазкур кафолатлар тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий эркинлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бизнесни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Тадбиркорлик учун қулай шароитлар, иқтисодий эркинлик ва соғлом рақобат муҳити эса инвестицияларнинг кўпайиши, янги иш ўринларининг яратилиши, аҳоли бандлигининг ошиши ва мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
