Миллий валютадаги Ўзбекистон суверен халқаро облигациялари битими “Йилнинг энг илғор битими” деб топилди
2026-11-26 20:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 24–25-ноябр кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Bonds, Loans & ESG Capital Markets – CEE, Central Asia & Türkiye” форуми бўлиб ўтди.
“Global Banking & Markets” томонидан 2010-йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу форум Марказий ва Шарқий Европа, Марказий Осиё ҳамда Туркия капитал бозорлари иштирокчиларини бирлаштирувчи халқаро майдон ҳисобланади. Форумда 44 дан ортиқ давлатдан 1100 дан зиёд капитал бозори иштирокчилари (инвесторлар, эмитентлар, банклар, рейтинг агентликлари, юридик ва молиявий консултантлар) қатнашади, 110 дан ортиқ спикер чиқиш қилади.
Форум доирасидаги панел сессияларида минтақа капитал бозорларининг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, “Марказий Осиё: капитал бозорлари ривожини жадаллаштириш учун зарур бошқарув, шаффофлик ва инвесторлар ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусидаги сессияда хусусийлаштириш учун мўлжалланган соҳалар, Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди (UzNIF) IPOси тажрибаси – мамлакат риски, ҳуқуқий-меъёрий чекловлар, валюта назорати ва портфел консентрациясини бошқариш масалалари, минтақа компанияларининг халқаро бозорларга чиқишини тезлаштириш учун корпоратив бошқарув, MHXS (IFRS) стандартларига ўтиш ва ахборотни ошкор қилиш талаблари муҳокама қилинди.
Форум доирасида “Global Banking & Markets” томонидан 2026-йил апрел ойида миллий валютада жойлаштирилган Ўзбекистон суверен халқаро облигациялари (12,2 трлн сўм, 3 йиллик, 12,25 фоиз) ҳамда муддати 2026-йилда тугайдиган 4,25 трлн сўмлик облигацияларни муддатидан олдин қайтариб сотиб олиш битими “Йилнинг энг илғор битими” (Groundbreaking Deal of the Year) номинациясида ғолиб деб топилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1-апрелида жойлаштирилган ушбу облигациялар Ўзбекистоннинг миллий валютадаги энг йирик суверен халқаро облигациялари ҳисобланади. Битимдан олдинги муҳокамаларда банк-андеррайтерлар томонидан сўмдаги халқаро облигацияларнинг индикатив фоиз ставкаси 13–14 фоиз этиб белгиланган бўлса-да, облигациялар 12,25 фоиз ставкасида (ички молия бозорига нисбатан ўртача 14 базис пункт паст) жойлаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, “J.P. Morgan” томонидан ушбу суверен халқаро облигациялар “Government Bond Index – Emerging Markets” (GBI-EM) индекси таркибига киритилди. Бу эса сўмдаги суверен халқаро облигациялар бўйича фоиз ставкаларини 12,25 фоиздан 9,1 фоизгача пасайтириш имкониятини яратди.

“Government Bond Index – Emerging Markets” (GBI-EM) – миллий валютада чиқарилган 21 та ривожланаётган мамлакат киритилган давлат облигациялари даромадлилигини акс эттирувчи индекс: Чехия (рейтинги: АА−), Хитой (А), Полша (А−), Чили (А−), Малайзия (БББ+), Таиланд (БББ+), Индонезия (БББ), Венгрия (БББ), Перу (БББ), Уругвай (БББ), Ҳиндистон (БББ-), Мексика (БББ-), Руминия (БББ-), Сербия (ББ+), Парагвай (ББ+), Ўзбекистон (ББ+), Бразилия (ББ), Жанубий Африка (ББ), Колумбия (ББ), Туркия (ББ−) ва Доминикан Республикаси (ББ−).
Шу билан бирга, Ўзбекистон суверен кредит рейтингининг ошиши натижасида халқаро молия бозорларида мамлакат облигациялари бўйича спредлар қисқарди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати учун янги қарз жалб қилиш харажатлари ўртача 1,4 фоизга пасайиб, инвестиция рейтингига эга мамлакатлар даражасига яқинлашди. Шунингдек, 29 та банк ва корхонанинг рейтинг баҳолари ва кутилмалари яхшиланиб, уларнинг қарз жалб қилиш харажатлари 1,8 фоизга пасайди.






