Париж битимининг 6-моддаси доирасида Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигини кенгайтириш учун 8,5 млн доллар грант жалб этилди
2026-11-25 14:00:00 / Пресс-релизлар

Учрашувда KOICAнинг техник кўмаги доирасида GGGI билан ҳамкорликда “Ўзбекистон томонидан Париж битимини амалга оширишга кўмаклашиш ва 6-моддага мувофиқ Корея Республикаси билан биргаликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш учун 8,5 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағларини жалб қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёни ҳамда углерод бирликлари савдосининг меъёрий ва институционал асосини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш бўйича тартиб-қоидалар, қўлланмалар ҳамда қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, углерод лойиҳаларини тайёрлаш ва бошқариш бўйича мутахассисларни ўқитадиган махсус ўқув маркази ташкил этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланади ва ўқув дастурлари ишга туширилади. Қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув ресурслари тармоқларида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган пилот лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳам грант маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Маълумот учун, 2025 йилда KOICA молиявий кўмагида GGGI амалга оширган Оролбўйини “яшил” тиклаш инвестиция лойиҳаси Қорақалпоғистонда иқлимга мослашувчан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда “яшил” инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилган.
Ушбу ташаббус KOICA ва GGGIнинг Ўзбекистондаги “яшил” ривожланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва барқарор молиялаштириш борасидаги қўшма ишларини давом эттиради. Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг халқаро углерод бозорида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириши ва мамлакатнинг иқлим мақсадларига эришишига ёрдам бериши кутилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




