“Ишонч” жамғармаси орқали Ўзбекистонга навбатдаги активларни қайтариш бўйича битим тасдиқланди
2026-11-24 21:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини Ўзбекистонга қайтариш бўйича битим жорий йилнинг 24 ноябрь куни тасдиқланди.
Мазкур битим доирасида 252,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Ўзбекистонга қайтариш кўзда тутилган. Маблағлар “Ишонч – 2030” (Uzbekistan Vision 2030 Fund) траст жамғармаси орқали мамлакат аҳолисининг ижтимоий фаровонлигини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ресурсларни тақсимлаш стратегияси иккинчи босқичи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл томонидан имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон, Швейцария ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган “Ишонч” (Uzbekistan Vision 2030 Fund) жамғармаси Швейцарияда мусодара қилинган активларни Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида қайтариш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Жамғарма маблағлари Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон банки иштирокидаги дастурлар орқали йўналтирилади. Бунда лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва натижаларини мониторинг қилиш жараёнларида шаффофлик, ҳисобдорлик ҳамда жамоатчилик иштирокига алоҳида эътибор қаратилади.
Жамғарманинг Ресурсларни тақсимлаш бўйича биринчи босқичи доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига 87 миллион АҚШ доллари йўналтирилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал ёрдамни такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш ҳамда тегишли тизимларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича ишлар амалга оширилган.
Ресурсларни тақсимлаш стратегияси иккинчи босқичи доирасида 252,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активларни қайтариш ва уларни устувор ижтимоий дастурларга йўналтиришнинг стратегик механизми белгиланган.
Стратегияда иккита асосий устувор йўналиш назарда тутилган:
Соғлиқни сақлаш — болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, жумладан, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш;
Таълим — мактаб инфратузилмасидаги эҳтиёжларни, жумладан, янги мактаблар қурилишини қўллаб-қувватлаш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.
Ушбу йўналишлар доирасида, айниқса, қишлоқ ҳудудларида ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари чекланган аҳоли қатламлари учун шароитларни яхшилашга устувор аҳамият берилади.
Шунингдек, жамғарма фаолиятида коррупцияга қарши курашиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш, лойиҳалар натижадорлигини баҳолаш ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг мустақил мониторингдаги иштироки муҳим тамойиллар сифатида белгиланган.
Навбатдаги битимнинг тасдиқланиши Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний олиб чиқилган активларни қайтариш борасидаги ҳамкорлик изчил давом этаётганини кўрсатади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




