“Ипотека-банк”нинг қолган давлат улушини OTP Банкка сотиш бўйича келишувга эришилди
2026-11-21 15:50:00 / Вазирлик янгиликлари
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Венгриянинг OTP Банк ўртасида “Ипотека-банк” АТИБни хусусийлаштиришнинг якуний босқичи доирасида банкнинг 17,5 фоизлик давлат улушини сотиш бўйича келишувга эришилди.

2022 йилда томонлар ўртасида “Ипотека-банк” АТИБни хусусийлаштириш тўғрисида олди-сотди шартномаси имзоланган бўлиб, ушбу хусусийлаштириш иккита босқичда амалга оширилиши ва иккинчи транзакциянинг нархи бевосита банкнинг кўрсаткичларига боғланишига келишилган.
Ўтган тўрт йил давомида банкнинг молиявий кўрсаткичлари ҳамда республикамизнинг иқтисодий шароитлари сезиларли даражада ижобий ўзгарганлиги сабабли, шартноманинг айрим шартлари қайта кўриб чиқилиши юзасидан қўшимча битим имзоланди ва “Ипотека-банк”ни хусусийлаштиришнинг иккинчи босқичини қисқа муддатда якунлашга келишилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
