Халқаро экспертлар иштирокида таълим кредитларини молиялаштиришнинг барқарор моделлари ва истиқболлари муҳокама этилмоқда
2026-11-20 19:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида “Eduimkon” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган ушбу мулоқотда давлат идоралари, халқаро молиявий институтлар, хорижий университетлар ва таълимни молиялаштириш соҳасидаги экспертлар иштирок этмоқда.
Хусусан, мулоқотда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, Жаҳон банкининг таълим ва кўникмалар йўналиши раҳбари Toby Linden, Австралиянинг HECS тизими бўйича эксперт Bruce Chapman, University of New South Wales (UNSW Sydney) вакили Richard Holden, University College London (UCL) вакили Lorraine Dearden, London School of Economics (LSE) экспертлари, шунингдек, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистоннинг тегишли идоралари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади — олий ва профессионал таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, амалдаги таълим кредитлари механизмининг самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятларини муҳокама этишдан иборат.
Таълимни молиялаштириш тизими нафақат талабаларнинг таълим олиш имкониятига, балки инсон капитали ривожи, меҳнат бозори эҳтиёжлари ва давлат маблағларидан самарали фойдаланишга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, таълим кредитлари механизмларини такомиллаштиришда ижтимоий адолат, мақсадли қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли молиявий барқарорликни уйғунлаштириш муҳим вазифа ҳисобланади.
Давра суҳбатининг биринчи кунида Ўзбекистондаги амалдаги таълим кредитлари тизимининг қамрови, кредит шартлари, имтиёзлар, ариза бериш ва маблағ ажратиш жараёнлари, шунингдек, банклар ҳамда талабаларнинг бу борадаги тажрибаси кўриб чиқилди. Муҳокамаларда тизимни такомиллаштиришнинг молиявий ва институционал жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро экспертлар томонидан Австралия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда қўлланилаётган таълимни молиялаштириш моделлари тақдим этилмоқда. Жумладан, Австралиянинг HECS тажрибаси ҳамда даромадга боғлиқ таълим кредитлари — Income-Contingent Loans (ICL) механизмининг имкониятлари муҳокама марказида бўлди. Ушбу ёндашувда кредитни қайтариш шартларини битирувчининг даромади ва тўлов қобилияти билан боғлаш масаласи юзасидан фикр алмашилди.
ICL моделини Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятларини баҳолаш жараёнида кредитни қайтариш чегараси ва ставкалари, фоиз ёки индексация механизмлари, битирувчиларнинг ишга жойлашиши ва даромадлари, норасмий бандлик, субсидиялар ҳамда давлат бюджетига тушадиган эҳтимолий юклама каби омиллар таҳлил қилинди. Шунингдек, бундай моделни жорий этиш учун зарур маълумотлар базаси ва ҳуқуқий-институционал шартлар муҳокама этилди.
Таълим кредитлари тизимининг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш ҳам кун тартибидан ўрин олди. Хусусан, ариза қабул қилиш, маблағ ажратиш ва кредитларни қайтариш жараёнларини рақамлаштириш, даромад тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш, солиқ ва бандлик тизимлари билан маълумот алмашинуви, шунингдек, тўловларни ҳисоблаш ва ундириш жараёнида идоралар ваколатларини аниқ белгилаш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борилди.
Муҳокамаларнинг илк кунида иштирокчилар муҳокама қилинган устувор йўналишлар юзасидан соҳа экспертлари билан бевосита мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича батафсил маълумот олиш ҳамда саволларига атрофлича жавоб топиш имкониятига эга бўлдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









