Ўзбекистон суверен кредит рейтинги баҳоси илк бор “BB” (барқарор кутилма)дан бир поғона юқорига, “BB+” (барқарор кутилма) даражасига оширилди
2026-11-21 10:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур рейтинг, агентликлар томонидан бугунга қадар Ўзбекистонга берилган энг юқори баҳо бўлиб, инвестиция даражасига (BBB-) етиш учун рейтинг баҳосини яна бир поғона ошириш талаб этилади.
Ўзбекистон суверен кредит рейтинги сўнгги 2 йилда (2025-йил май – 2026-йил ноябр) учта рейтинг агентликларида жами 7 марта яхшиланди. Натижада, ҳукумат, банк ва корхоналар учун янги қарз жалб қилиш харажатлари (spred) мос равишда ўртача 1,5 фоиз ва 1,9 фоизга пасайди ҳамда 29 та банк ва корхоналарнинг кредит рейтинги яхшиланди.
Ҳисоботда Ўзбекистон суверен кредит рейтинги баҳосининг оширилиши қуйидагилар билан изоҳланмоқда:
соф давлат қарзи ҳажми дунёдаги бошқа ўхшаш давлатларга нисбатан мўтадил даражада сақланиб, асосан инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган халқаро молия институтларининг узоқ муддатли ва паст фоиз ставкаларида жалб қилинган қарзларини ташкил қилади;
мамлакатнинг иқтисодий сиёсатни шакллантириш салоҳияти мустаҳкамланиб бораётгани фискал барқарорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган энергетика сектори ва давлат иштирокидаги корхоналар бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз аксини топмоқда;
мавжуд таркибий заифликлар ва экспорт базасининг чекланганлигига қарамай, 2026-йилда хомашё нархининг ошиши, туристлар оқимининг юқорилиги ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши мамлакатнинг ташқи иқтисодий позициясини қўллаб-қувватлади.
Қайд этилишича, “барқарор” кутилма Ўзбекистондаги барқарор иқтисодий ўсиш ва мақбул давлат қарзи портфели билан бирга ташқи ноаниқликлар (мисол учун, хомашё ва глобал энергия нархларининг ўзгарувчанлиги, геосиёсий вазият) билан боғлиқ хатарларнинг сақланиши билан изоҳланади.
Агентликка кўра, рейтингнинг оширилиши Ўзбекистоннинг фискал ва тўлов баланси кўрсаткичлари яхшиланганини акс эттиради. Ҳукумат 2017 йилда бошланган таркибий ислоҳотларни давом эттираётгани, давлат корхоналарининг ташқи қарзи билан боғлиқ хатарларни камайтириш ва фискал шаффофликни кучайтириш чораларини кўраётгани эътироф этилган.
“S&P” томонидан барқарор иқтисодий ўсиш Ўзбекистон суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бири сифатида қайд этилган. 2017 йилдан буён иқтисодий ўсиш ўртача 6 фоизни, 2026 йилнинг 9 ойида эса 8,3 фоизни ташкил этди.
Агентлик ички талаб ҳамда энергетика, тоғ-кон саноати ва инфратузилмага киритилаётган йирик инвестициялар ҳисобига 2026 йилда иқтисодий ўсишни 8,0 фоиз, 2027-2029 йилларда ўртача 6,7 фоиз даражасида прогноз қилмоқда.
Миллий инвестиция жамғармаси аксияларининг бирламчи оммавий жойлаштирилиши (IPO) капитал бозорлари ривожланишида муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланиб, аксия бозорида бенчмарк яратилгани қайд этилган. Мазкур транзаксия инвесторлар базасини кенгайтириш ва компанияларнинг корпоратив бошқарувини мустаҳкамлаш орқали хусусийлаштириш дастурини жадаллаштириши таъкидланди.
Агентлик энергия субсидиялари ислоҳотлари билан бирга давлат корхоналари ислоҳотлари корхоналарнинг давлат кафолатлари ва капитал қўйилмаларига бўлган эҳтиёжини камайтириши орқали 2026-2029 йилларда буджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиз атрофида прогноз қилмоқда.
Инвестиция лойиҳаларининг молиялаштирилиши туфайли 2029-йилда соф давлат қарзи ЯИМга нисбатан 26 фоизга етиши, давлат ташқи қарзининг 83 фоизи узоқ муддатли ва имтиёзли шартларда жалб қилингани таъкидланди.
Ҳисоботда пул-кредит сиёсати самарадорлиги ошгани таъкидланиб, 2026-йилда ўртача инфлация 6,7 фоиз (2020-2025-йилларда ўртача 11 фоиз) бўлиши, аҳолининг инфлацион кутилмалари эса 10 фоиздан пастга тушгани қайд этилди.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича сўнгги ўзгаришлар динамикаси:
|
Т/р |
Рейтинг агентликлар |
Рейтинг баҳоси |
Эълон қилинган санаси |
|---|---|---|---|
|
1. |
“Moody’s Ratings” |
“Ba2” (Барқарор кутилма) |
25.06.2026 |
|
2. |
“Fitch Ratings” |
“BB” (Ижобий кутилма) |
03.06.2026 |
|
3. |
“S&P Global Ratings” |
“BB” (Барқарор кутилма) |
21.11.2025 |
|
4. |
“Fitch Ratings” |
“BB” (Барқарор кутилма) |
26.06.2025 |
|
5. |
“Moody’s Ratings” |
“Ba3” (Ижобий кутилма) |
13.06.2025 |
|
6. |
“S&P Global Ratings” |
“BB-” (Ижобий кутилма) |
23.05.2025 |
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
