Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида бюджет интизоми ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув-семинар ўтказилди
2026-11-20 14:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбир бюджет интизомига риоя этилишини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалаларига бағишланди.
Семинарда жами 60 нафар ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари, Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда Пенсия жамғармаси тизими ходимлари иштирок этди.
Хусусан, ўқув-семинарда:
— ҳудудий иқтисодиёт ва молия бош бошқармаларининг Давлат ривожлантириш дастурларини ва махсус жамғармалар фаолиятини молиялаштириш ва мониторинг қилиш шўбаси етакчи мутахассислари;
— туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари;
— туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг молия ва бюджет масалалари бўйича ўринбосарлари;
— туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимларининг бюджет даромадларини прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш бўйича бош мутахассислари;
— туман (шаҳар) бўйича Ғазначилик хизмати бўлинмалари бошлиқлари;
— туман (шаҳар) бўлимларининг Фуқароларга хизмат кўрсатиш шўбаси бош мутахассислари иштирок этиб, ўз малакаларини оширдилар.
Ўқув дастурига мувофиқ, семинар давомида Вазирликнинг Ички аудит департаменти ҳамда Комплаенс хизмати бошқармаси масъул ходимлари томонидан дастурда белгиланган долзарб масалалар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Хусусан, 2025 йилда Давлат бюджети, жумладан, маҳаллий бюджетлар даромадлари прогнозлари ва харажатларининг амалдаги ижроси, шунингдек, аудит ва назорат тадбирлари натижасида 2025–2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларида, Ғазначилик хизмати ҳамда Пенсия жамғармаси тизимида аниқланган хато ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, вазирлик тизимида 2025–2026 йилларда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, шунингдек, ташкил этилган профилактик тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг бюджет интизомини янада мустаҳкамлаш, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга доир фикр ва таклифлари тингланди.
Бу каби ўқув-семинарлари ва давра суҳбатлари тасдиқланган режа-жадвал асосида вазирлик тизимининг бошқа тузилмалари ходимлари иштирокида давом эттирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси






