Туркиянинг «YDA Group» компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
2026-11-19 22:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш доирасида жорий йилнинг 19 ноябрь куни «YDA Group» компанияси директорлар кенгаши раисининг ўринбосари ва бош ижрочи директори Жунейт Арслан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: YDA Group — Туркиянинг йирик кўп тармоқли компанияларидан бири бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий тиббиёт мажмуаларини барпо этиш, шунингдек, таълим инфратузилмасини, жумладан, замонавий мактаблар тармоғини ривожлантириш бўйича салмоқли тажрибага эга. Компания ушбу йўналишларда Қозоғистон, Албания ва бошқа мамлакатларда қатор инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Мулоқот давомида YDA компанияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, мавжуд ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда ДХШ асосида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида замонавий инфратузилмани шакллантириш, ушбу йўналишларга хусусий инвестицияларни жалб қилиш, илғор халқаро тажриба ва самарали бошқарув механизмларини жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Жумладан, томонлар ушбу соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда кўриб чиқиш ва уларни амалга оширишнинг мақбул механизмларини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар юзасидан мулоқотни давом эттириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



