Малайзияда ўзбекистонлик тадбиркор аёллар учун ўқув дастури бошланди
2026-11-17 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Малайзиянинг Шаҳ Алам шаҳрида «Ўзбекистон аёлларининг молиявий саводхонлигини ошириш» мавзусидаги ўқув дастурининг расмий очилиши бўлиб ўтди. 14–28 ноябрь кунларига мўлжалланган ўқув сафарида Ўзбекистондан 10 нафар тадбиркор аёл иштирок этмоқда.
Ўқув сафари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасидаги ҳамкорлик доирасида, агентликнинг молиявий кўмагида ташкил этилди. 10 нафар тадбиркор аёл вазирлик ҳамда лойиҳа ҳамижрочилари — «HAMROH» ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тавсия этган номзодлар орасидан саралаб олинди.
Дастурдан кўзланган мақсад — тадбиркор аёлларнинг бизнес молиясини бошқариш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш. SIRIM академияси машғулотларида иштирокчилар маҳсулот таннархини ҳисоблаш, нарх белгилаш ҳамда бизнесни кенгайтириш учун даромад ва харажатларни режалаштиришни ўрганмоқда.
Дастур доирасида иштирокчилар Малайзия Марказий банки ва Amanah Ikhtiar Malaysia микромолия ташкилотига ташриф буюриб, тадбиркор аёлларга молиявий маслаҳат бериш ва уларнинг бизнесини молиялаштириш тажрибасини ўрганади. Маҳаллий тадбиркор аёллар бошқараётган корхоналарда эса ишлаб чиқариш, брендни ривожлантириш ва янги бозорларга чиқиш амалиёти билан танишади.
Ўқув дастури якунида 27 ноябрь куни иштирокчилар Малайзияда ўрганган тажрибаларини ўз бизнесида қўллаш бўйича режаларини тақдим этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



