Таълимни молиялаштиришда янги ёндашувлар: Ўзбекистон делегацияси Лондон тажрибасини ўрганди
2026-11-17 16:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад таълимни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, таълим кредитларини ажратиш ва қайтаришнинг замонавий механизмларини ўрганиш, шунингдек, Буюк Британиянинг илғор тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мулоқотлар давомида таълимни молиялаштиришнинг замонавий моделлари, таълим кредитлари бозорини ривожлантириш, олий таълим муассасаларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг турли қатламлари учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Буюк Британияда қўлланилаётган даромадга боғлиқ таълим кредитлари (Income-Contingent Loans) механизмига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур тизимда кредитларни қайтариш битирувчиларнинг меҳнат фаолияти ва даромад даражасига боғлиқ ҳолда амалга оширилади.
Ушбу ёндашув кредит тўловларини битирувчиларнинг молиявий имкониятларига мослаштириш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда таълим кредитлари тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳокама қилинди.
Шунингдек, солиқ органлари, иш берувчилар, таълим муассасалари ва молиявий ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, кредитлар қайтарилишини самарали бошқариш ҳамда молиявий таваккалчиликларни камайтириш бўйича амалдаги механизмлар ўрганилди.
Учрашувларда таълим кредитлари ва давлат грантлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, давлат бюджетига тушадиган молиявий юкламани мақбуллаштириш, шунингдек, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлашни молиявий рағбатлантириш, олий ва профессионал таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини ошириш, шунингдек, таълим олувчиларнинг бандлиги, даромадлари ва кредит мажбуриятларига оид маълумотлар базаларини интеграция қилиш юзасидан тажриба алмашилди.
Мазкур хизмат сафари Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда амалга оширилаётган «EduImkon» дастури доирасидаги ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ.
Дастур таълим кредитлари тизимини такомиллаштириш, аҳолининг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, кредитларни ажратиш ва қайтариш жараёнлари самарадорлигини ошириш ҳамда Таълим кредитлари жамғармасининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Ташриф давомида ўрганилган халқаро тажриба ва экспертлар томонидан билдирилган тавсиялар Ўзбекистонда таълимни молиялаштиришнинг амалдаги механизмларини такомиллаштириш, халқаро тажрибага асосланган янги ёндашувларни миллий амалиётга мослаштириш ҳамда «EduImkon» дастури доирасидаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда инобатга олинади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




