Давлат харидлари ва бюджет маблағлари сарфланиши устидан назоратни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-17 14:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги ПФ–100-сон ҳамда 2025 йил 18 декабрдаги ПФ–252-сон Фармонлари ижроси доирасида Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган риск-таҳлиллар натижалари кўриб чиқилди.
Хусусан, давлат харидлари жараёнларида қонунчилик талабларига риоя этилиши, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган тўловларнинг асослилиги ҳамда молиявий назорат механизмларининг самарадорлиги муҳокама қилинди.
Таҳлилларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида ғазначилик тизимида 95 трлн сўмлик давлат харидлари шартномалари рўйхатдан ўтказилган. Уларнинг 41 фоизи рақобатли усуллар орқали, 59 фоизи эса тўғридан-тўғри тузилган.
Танланма ўрганишлар давомида қонунчилик талабларига зид равишда тузилган 7,7 млрд сўмлик 64 та шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги аниқланган.
Шунингдек, бюджет маблағларини ташкилотларнинг бюджетдан ташқари ҳисобварақларига ўтказиш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари таҳлил қилинди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда мазкур ҳисобварақларга 3 853,6 млрд сўм бюджет маблағи йўналтирилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан
6,8 баробар, 2024 йилга нисбатан эса 2 баробар юқори.
Танланма таҳлиллар натижасида 87,5 млрд сўм маблағ ортиқча ўтказилгани, 20,3 млрд сўм эса белгиланган мақсадлардан бошқа йўналишларга сарфлангани қайд этилган.
Бундан ташқари, 66 та танлов ва тендерда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланмаган ғолиб иштирокчиларнинг нарх таклифлари ҚҚСсиз белгиланган бошланғич нархлардан жами 4,4 млрд сўмга юқори бўлгани маълум қилинди.
Электрон дўкон ва бошқа электрон платформалар орқали тузилган 24,3 млрд сўмлик 1 158 та шартнома асоссиз қайтарилгани, шунингдек, Ҳисоб палатасининг тўловларни тўхтатиш бўйича талабномаларига қарамасдан, 37 млрд сўмлик тўловлар амалга оширилгани ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, давлат харидлари ва ғазначилик операцияларида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш ҳамда молиявий назорат механизмларини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Хусусан, ҳудудий ғазначилик бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлинмаларига шартномаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида қонунийликни таъминлаш, шартномаларни асоссиз қайтариш ҳолатларига йўл қўймаслик, маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва шартнома мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Ғазначилик операцион рискларини баҳолаш ва мониторинг қилиш бошқармаси фаолиятини қайта кўриб чиқиш орқали дастлабки ва жорий назорат самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўмита раҳбарияти томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди ҳамда камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш вазифаси қўйилди.
Мазкур чора-тадбирлар ғазначилик тизимида молиявий интизомни мустаҳкамлаш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда давлат маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


