COP31 доирасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди
2026-11-13 11:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Музокараларда Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш, иқлим молиясини ривожлантириш, саноат тармоқларида углерод чиқиндиларини камайтириш ҳамда шаҳар инфратузилмасининг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хусусан, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан 1,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа доирасида атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи субсидияларни қайта йўналтириш, жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, яшил инвестициялар ва молиялаштириш механизмларини ривожлантириш, шунингдек, интеграциялашган буджетни белгилаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган уч томонлама ҳужжат ўзаро алмашилди.
Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан қиймати 5,5 миллион евро бўлган лойиҳалар муҳокама қилинди ва ўзаро ҳамкорлик ҳужжатлари алмашилди. Ушбу келишув ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш, экологик бизнес амалиётларини жорий этиш ҳамда энергия ва ресурс самарадорлигини оширувчи “яшил” пилот лойиҳаларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI), Кореянинг “Green New Deal Trust Fund” (KGNDTF) ва Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан 1 миллион долларлик лойиҳа юзасидан музокаралар ўтказилди. Унда Ўзбекистон саноатида энергия тежаш салоҳиятини аниқлаш ҳамда уни иқтисодий жиҳатдан асосланган, иқлим ўзгаришини юмшатишга қаратилган минтақавий лойиҳаларга айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шаҳар инфратузилмасини барқарор ривожлантириш мақсадида Франсия тараққиёт агентлиги (AFD) ва “Expertise France” ташкилоти билан қиймати 400 минг доллар бўлган “Яшаш учун қулай ва самарали шаҳарлар” лойиҳаси муҳокама қилинди. Музокаралар якунида ушбу дастурни қўллаб-қувватлаш бўйича уч томонлама ҳамкорлик ҳужжатлари алмашилди.
Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегациясининг Сингапур вакиллари билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида Париж битимининг 6.2-моддаси доирасида ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро углерод бозори механизмларини амалиётга жорий этиш ҳамда Ўзбекистонда ушбу соҳадаги фаолиятни тартибга солишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар углерод бирликларининг халқаро савдосида иштирок этиш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
COP31 доирасида эришилган келишувлар Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, энергия ва ресурслардан самарали фойдаланиш, халқаро молиявий ва техник ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



