Ўзбекистон делегацияси “Paris InfraWeek-2026” форумида иштирок этди
2026-11-11 21:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Форум доирасида 3-ноябр куни Франсиянинг “Expertise France” агентлиги ва “Herbert Smith Freehills Kramer” халқаро юридик компанияси томонидан Марказий Осиёда транспорт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик (ДХШ) ва инвестиция имкониятларига бағишланган махсус тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари, шунингдек, Европа инвесторлари, инфратузилма компаниялари, молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги амалий тажрибаси, шунингдек, Европа ва халқаро компанияларнинг транспорт ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон делегацияси номидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат-хусусий шериклик департаменти директори ўринбосари Абдуқодир Ёқубов “Linking Central Asia to Global Markets” (Марказий Осиёни глобал бозорларга олиб чиқиш) мавзусида тақдимот ўтказди.
Тақдимот давомида Ўзбекистонда ДХШ асосида амалга оширилаётган транспорт лойиҳалари, жумладан, пуллик автомобил йўллари, халқаро аеропортлар ва темир йўл инфратузилмасига оид лойиҳалар намойиш этилиб, уларнинг мамлакат иқтисодиёти ҳамда иқтисодий инфратузилмани ривожлантиришдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Шунингдек, хусусий капитални жалб этиш орқали келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган истиқболли лойиҳалар Европа компаниялари, молия ташкилотлари, инвестиция фондлари ва халқаро банклар вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси “Proparco”, “Rothschild & Co.”, Франсия тараққиёт агентлиги (AFD), “Bpifrance”, “Meridiam”, Жаҳон банки ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида ДХШ лойиҳалари ва инфратузилма ташаббусларини молиялаштириш, уларни амалга ошириш ҳамда бу йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
“Paris InfraWeek-2026” халқаро форуми давлат органлари, халқаро молия институтлари, банклар, инвестиция фондлари ва инфратузилма компаниялари вакиллари учун транспорт, энергетика ҳамда бошқа стратегик соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва истиқболли ташаббусларни муҳокама қилиш майдони бўлиб хизмат қилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


