МҲМС талабларини жорий этиш учун дастурий таъминот провайдерлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
2026-11-06 17:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15-сентябрдаги ПҚ–282-сон “Молиявий ҳисоб тизимини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини (БҲМС) қайта кўриб чиқиш ва унификация қилиш орқали Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) уйғунлашган Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартлари (МҲМС) тизими босқичма-босқич шакллантирилмоқда. Ислоҳотлар ҳисоботнинг ишончлилиги, шаффофлиги ва таққосланувчанлигини оширишга, ташкилотларга янги талаблар асосида ҳисоб юритишда кўмаклашишга қаратилган.
Бугунги кунда МҲМСга оид 5 та ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилган, яна 9 та стандарт лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ҳар бир ҳужжатнинг қўлланиш доираси ва кучга кириш санаси алоҳида белгиланади. Шунинг учун ташкилотлар ва дастур ишлаб чиқувчилар стандартларнинг расмий матни ҳамда амал қилиш санасини инобатга олиши муҳим.
Янги стандартларни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги МҲМС асосида ҳисобот тайёрлайдиган ташкилотлар учун тавсиявий ҳисобварақлар режасини ишлаб чиқди. У “Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг концептуал асослари” (2026 йил 10 июнь, р/р. 3854) ҳамда тегишли МҲМС талабларига таянади. Ҳисобварақлар режаси мажбурий ягона тизимни жорий этмайди: ташкилотлар ўз фаолияти ва ҳисоб сиёсатига мувофиқ ишчи режани мустақил шакллантириши мумкин.
Вазирлик янги МҲМСларнинг амалдаги БҲМСлардан асосий фарқлари, ҳисоб юритиш ва молиявий ҳисобот тайёрлашдаги янгиликлар ҳамда уларни қўллашга оид тушунтиришларни қамраб олган тавсиявий-услубий қўлланмани ҳам тайёрлади. Ушбу материаллар дастурий ечимларни янгилаш, ҳисобот моддаларини шакллантириш ва ҳисобварақларни мослаштиришда амалий ёрдам беради.
МҲМСга ўтиш бухгалтерия дастурларидаги ҳисоб регистрлари, ҳисобот шакллари ва ахборотни очиб бериш имкониятларини мослаштиришни талаб қилиши мумкин. Шу муносабат билан дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқувчи, етказиб берувчи ва жорий этувчи ташкилотларга уларни расман кучга кирадиган стандартларга ўз вақтида мувофиқлаштириш тавсия этилади. Бунда лойиҳаларни амалдаги мажбурий талаб сифатида қабул қилмаслик, ўзгартишларни эса стандартнинг тасдиқланган матни ва кучга кириш санасига мувофиқ режалаштириш лозим.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги дастурий таъминот провайдерлари билан МҲМСларни қўллаш, тавсиявий ҳисобварақлар режасини дастурларда акс эттириш ва юзага келадиган методологик масалаларни муҳокама қилиш бўйича ҳамкорликка тайёр. Бундай мулоқот янги талабларни тўғри қўллаш ва ташкилотларнинг ҳисобот тайёрлаш жараёнини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Мазкур йўналıшдаги таклиф ва мурожаатлар бўйича
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби методологияси ва молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўлими мутахассисига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин: Тел: +998 71 203 50 50 (ички рақам: 01849).
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
