Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарларининг KPI ижроси парламент муҳокамасида кўриб чиқилди
2026-11-05 21:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси йиғилишида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарларининг 2026 йил I–III чораклар учун белгиланган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ижроси юзасидан ахборот тингланди. Муҳокамада вазирлик раҳбарияти фаолиятининг натижадорлиги, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети ва ижтимоий йўналишлардаги вазифалар ижроси, шунингдек, йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган мақсадлар кўриб чиқилди.
Раҳбарлар фаолиятининг натижадорлигини ошириш, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга ўз вақтида ва сифатли эришиш, шунингдек, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 13 мартдаги «Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-49-сон Фармони қабул қилинган.
Фармон ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги 463-сон қарори билан республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тартиби белгиланган. KPI ижроси «samaradorlik.uz» электрон платформасида ҳар чорак якуни бўйича акс эттирилади ва масъул ташкилот ходими томонидан тасдиқланади. Раҳбарларнинг KPI кўрсаткичлари, уларга эришиш бўйича «йўл хариталари» ҳамда ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Йил учун белгиланган асосий мақсадлар қаторида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишини камида 6,6 фоиз даражасида таъминлаш, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 52,3 млн сўмга етказиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 8,3 фоизга ошириш ҳамда давлат бюджети даромадларининг йиллик ЯИМ прогнозга нисбатан улушини 18,7 фоизгача етказиш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Давлат бюджетининг марказлашган манбалари ҳисобидан, тасдиқланган манзилли рўйхатларга мувофиқ, қурилиш-таъмирлаш ишларига маблағ ажратиш назарда тутилган.
2026 йил I чорак якунида 46 та KPI бўйича умумий натижадорлик 100,0 фоизни ташкил этди. Жумладан, ЯИМ ўсиши бўйича 6,1 фоизлик режа 8,7 фоиз ижро билан таъминланди. Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 10,1 млн сўм этиб белгиланган режа ўрнига 11,7 млн сўмга етди.
Саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 8,4 млрд АҚШ долларига етказиш режасига нисбатан ижро 10,3 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Давлат иштирокидаги йирик корхоналар харажатларини мақбуллаштириш бўйича 4 670 млрд сўмлик режа 5 057 млрд сўм миқдорида бажарилди. Ижтимоий реестрда турувчи оилалар аъзоларига субсидия, ссуда ва грант маблағларини молиялаштириш бўйича манбада 50 трлн сўмлик режа ҳамда 53,6 млрд сўмлик ижро кўрсаткичи қайд этилган.
II чорак якунида 51 та KPI ижросининг умумий натижадорлиги 99,4 фоизга етди. ЯИМ ўсиши бўйича 6,3 фоизлик режа 8,5 фоиз ижро билан таъминланди. Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 23,8 млн сўмлик режа ўрнига 28 млн сўмни ташкил этди.
Саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 19,3 млрд АҚШ долларига етказиш режасига нисбатан ижро 22,5 млрд АҚШ долларига тенг бўлди. Иқтисодиётда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 8 фоизга ошириш бўйича кўрсаткич 100 фоиз бажарилди.
2026 йил III чорак якунида 50 та KPI бўйича умумий натижадорлик 99,9 фоизни ташкил этди. ЯИМ ўсиши бўйича 6,4 фоизлик режа 8,3 фоиз ижро билан таъминланди. Саноатда қўшилган қиймат ҳажми 30,5 млрд АҚШ долларига етказилиши белгиланган бўлса, ижро 37,4 млрд АҚШ долларини ташкил этди.
Чораклар якуни бўйича тақдим этилган маълумотлар KPI тизими доирасида макроиқтисодий кўрсаткичлар, саноат ва давлат активлари билан боғлиқ вазифалар ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишларининг бажарилиши баҳолаб борилганини кўрсатади.
Йиғилишда жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг фармон ҳамда қарорларида белгиланган топшириқларга мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари фаолияти учун тасдиқланган KPI кўрсаткичларини ўз вақтида ва сифатли бажариш муҳимлиги қайд этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



