Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш: эришилган натижалар ва янги босқичдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди
2026-11-04 16:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки гуруҳи ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамкорлигида амалга оширилган 300 дан ортиқ маҳаллани ва қарийб 1 миллион нафар қишлоқ аҳолисини қамраб олган «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳаси (ҚИРЛ) натижалари сарҳисоб қилиниб, унинг иккинчи босқичи — ҚИРЛ-2 доирасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда давлат идоралари, халқаро молия институтлари, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, фуқаролик жамияти ҳамда лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудлардаги маҳалла вакиллари иштирок этди. Муҳокамаларнинг асосий эътибори қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда аҳолининг бевосита иштирокини таъминлаш, лойиҳа натижаларини давлат дастурлари билан уйғунлаштириш ва маҳаллий эҳтиёжларга асосланган ёндашувни янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди.
Конференциянинг очилиш қисмида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенҳассин ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида ижтимоий сиёсат йўналиши раҳбари Паоло Белли иштирок этди.
ҚИРЛ лойиҳаси: қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришнинг амалий тажрибаси
Ўзбекистон аҳолисининг қарийб ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Шу боис қишлоқ ҳудудларида йўллар, мактаблар, тиббиёт муассасалари, сув ва электр таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
ҚИРЛ лойиҳаси айнан шу эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий аҳолининг ташаббуслари ва устувор йўналишларига асосланган инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган.
Лойиҳанинг 2019–2026 йилларни қамраб олган биринчи босқичи Жаҳон банки таркибидаги Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан 100 миллион АҚШ доллари ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки томонидан 82 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилди.
Ушбу босқич доирасида Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 306 та маҳаллада 900 дан ортиқ кичик инфратузилма лойиҳаси молиялаштирилди.
Жумладан, лойиҳа доирасида 340 дан ортиқ йўл (2 500 км), 220 та электр таъминоти тизими (2 050 км тармоқ, 650 та трансформатор пункти), 160 та сув таъминоти тизими (2 100 км тармоқ, 230 та сув иншооти), қарийб 100 та мактаб, 40 та мактабгача таълим ташкилоти ва 10 та кўприк қурилди ёки модернизация қилинди.
Натижада қарийб 1 миллион нафар қишлоқ аҳолиси лойиҳа доирасида амалга оширилган инфратузилма ишлари натижаларидан бевосита фойда кўрди. Уларнинг тахминан ярмини аёллар ташкил этади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири — маҳаллий устувор йўналишларни аҳолининг ўзи белгилаши ва амалга оширилаётган ишлар устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш механизмидир. Кичик инфратузилма лойиҳалари Маҳаллани ривожлантириш гуруҳлари томонидан танлаб олиниб, уларнинг амалга оширилиши ҳам ушбу гуруҳлар томонидан назорат қилинди. Гуруҳлар аъзоларининг камида 50 фоизини аёллар ташкил этиши аҳолининг, хусусан, аёлларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини таъминлашга хизмат қилди.
Аҳоли иштироки — самарали инфратузилма лойиҳаларининг муҳим омили
Конференцияда ҚИРЛ лойиҳасининг амалий тажрибаси, маҳаллий аҳоли иштирокининг аҳамияти ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Маҳалла вакиллари ўз ҳудудларида амалга оширилган лойиҳалар, эҳтиёжларни аниқлаш, устувор йўналишларни белгилаш ҳамда пудратчилар томонидан бажарилган ишлар сифатини жамоатчилик томонидан назорат қилиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди.
Фарғона вилоятидаги «Сармоzor», Жиззах вилоятидаги «Сарой», Андижон вилоятидаги «Терактаги», Сирдарё вилоятидаги «Бобоюрт» ва Наманган вилоятидаги «Маданият» маҳаллалари вакиллари лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ва аҳоли иштирокининг амалий аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Муҳокамалар давомида инфратузилма лойиҳаларини аҳолининг реал эҳтиёжлари асосида шакллантириш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилаётган ишлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг аҳамияти қайд этилди.
Шунингдек, инфратузилма лойиҳаларини режалаштириш ва амалга оширишда аёлларнинг фикрини инобатга олиш, уларнинг эҳтиёжларини акс эттириш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
ҚИРЛ-2: қишлоқ инфратузилмасидан иқтисодий имкониятларни кенгайтириш сари
Конференцияда лойиҳанинг иккинчи босқичи — ҚИРЛ-2 доирасида белгиланган вазифалар ва янги ёндашувлар ҳам тақдим этилди.
ҚИРЛ-2 босқичининг умумий бюджети 320 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Шундан 150 миллион доллари Халқаро тараққиёт уюшмасининг имтиёзли молиялаштириши, 100 миллион доллари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки маблағлари ва 70 миллион доллари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати маблағлари ҳисобидан шакллантирилиши режалаштирилган.
Дастур Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги 296 та маҳаллада амалга оширилмоқда.
2031 йилга қадар ҚИРЛ-2 доирасида қарийб 1,2 миллион нафар қишлоқ аҳолисини, жумладан, 600 минг нафар аёл ва 300 минг нафар ёшни қамраб олиш кўзда тутилган.
Янги босқичда қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш билан бир қаторда, иқтисодий фаолликни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, йўллар, сув ва электр таъминоти инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун 15 та пилот маҳаллада умумий фойдаланиш марказларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур ёндашув қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш билан бир қаторда, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган.
Шунингдек, ҚИРЛ-2 доирасида аҳоли иштирокини таъминлаш ва инфратузилма лойиҳаларини маҳаллий бошқарув тизими билан уйғунлаштиришда «Маҳалла еттилиги» механизмига алоҳида аҳамият берилади.
Конференцияда ушбу механизм доирасида вазифалар тақсимоти, онлайн овоз бериш ва аҳоли сўровлари, лойиҳаларнинг техник жиҳатдан тайёрлиги, иқлим ўзгаришига чидамлилиги ҳамда жамоатчилик мониторинги масалалари муҳокама қилинди.
Конференция якунида ҚИРЛ лойиҳаси тажрибаси маҳаллаларни ривожлантиришда аҳолининг ўз эҳтиёжлари ва устувор йўналишларини мустақил белгилашига асосланган ёндашув самарали эканини яна бир бор намоён этгани таъкидланди. ҚИРЛ-2 босқичи ушбу ёндашувни давлат дастурлари амалиётида янада мустаҳкамлаш, қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли учун барқарор даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган имкониятларни оширади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









