Давлат корхоналари самарадорлиги ва фискал хатарлар таҳлилига сунъий интеллект жалб этилмоқда
2026-11-04 11:00:00 / Вазирлик янгиликлари

2026 йил 3 ноябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий заифликларини аниқлаш, фискал хатарларни баҳолаш ва ислоҳот чораларини асослашга кўмаклашувчи UZSOE Intelligence Platform тақдим этилди. Платформа вазирлик ҳамда Буюк Британиянинг Оксфорд университети қошидаги Algorithmic Governance Foundation (AGF) ташкилоти ҳамкорлигида, AGFнинг ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилган.
Давлат корхоналарига оид ахборот молиявий ҳисоботлар, реестрлар, аудит хулосалари ва бошқа манбаларда турли шаклда сақланади. UZSOE ушбу маълумотларни ўзаро боғлаб, вазирлик учун муҳим бўлган вазифани ҳал этишга қаратилган: қайси корхона чуқурроқ ўрганишни талаб қилади, бунга қандай далиллар асос бўлади ва қайси чораларни биринчи навбатда кўриб чиқиш зарур?
Платформанинг молиявий таҳлил механизми 15 та кўрсаткич ва олдиндан белгиланган 12 та хатар сигналини бирлаштиради. Улар рентабеллик, ликвидлик, қарз юки ва давлат кўмагига боғлиқлик каби жиҳатларни мавжуд маълумотлар асосида баҳолашга хизмат қилади. Кўрсаткичларнинг бир неча йил давомидаги ўзгариши ва таққосланадиган корхоналар натижалари молиявий ҳолатдаги ёмонлашувни аниқлаш учун қўлланади. Ушбу механизмни ишлаб чиқишда Халқаро валюта жамғармасининг давлат корхоналари молиявий хатарларини баҳолаш ёндашувидан фойдаланилган.
Сунъий интеллект ёрдамчиси эса молиявий натижаларни ҳисоботлар ва бошқа ҳужжатлардаги маълумотлар билан боғлаб, корхона бўйича қисқа таҳлилий маълумотномалар ва тавсиялар тайёрлаш имконини беради. Фойдаланувчилар тизимга ўзбек тилида саволлар бериши, алоҳида корхонани ўрганиши ва корхоналар гуруҳини таққослаши мумкин. Дастлабки ишлар энергетика ва транспорт, жумладан темир йўл корхоналарига қаратилган.
Бундай таҳлилнинг бошқарув учун аҳамияти аниқ. Давомли зарар кўраётган корхонада муаммонинг сабабларини ўрганиш ва молиявий соғломлаштириш вариантларини баҳолаш мумкин. Қарз юки ва давлат кўмагига эҳтиёж ортаётган ҳолатларда бюджет учун юзага келиши мумкин бўлган мажбуриятларни чуқурроқ кўриб чиқиш зарурати аниқланади. Молиявий кўрсаткичларнинг кескин ёмонлашуви эса корхонани устувор ўрганиш ва кучайтирилган мониторингга олиш учун таҳлилий асос яратади.
Тақдимотда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, AGF директори Жессика Рапсон, ташкилотнинг катта илмий ходими ва лойиҳа раҳбари Леопольд Браун, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари қатнашди. Платформанинг ишлаш механизмлари намойиш этилиб, ундан вазирликнинг амалий фаолиятида фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Платформани амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар унинг баҳолаш мезонларини корхоналар мисолида текшириш, маълумотлар қамровини кенгайтириш ва таҳлилий хулосаларни вазирликнинг мавжуд қарор қабул қилиш жараёнларига боғлашни назарда тутади. Техник билимларни топшириш, мутахассисларни тайёрлаш ва вазирликнинг тизимни мустақил юритиш имкониятини шакллантириш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидир. Баҳолашда етишмаётган маълумотлар алоҳида кўрсатилади, якуний хулосалар ва тегишли чоралар эса ваколатли мутахассислар томонидан кўриб чиқилади.
Лойиҳа доирасида платформанинг амалий қўлланишини баҳолаш ёндашуви ҳам таклиф этилган. Унда фойдаланиш кўрсаткичлари билан бирга, платформа таҳлилларидан фойдаланилган бошқарув қарорлари ва ушбу қарорлар қамраб олган корхоналарни ҳисобга олиш назарда тутилади.
Кўзланган натижа – вазирликнинг таҳлилий салоҳиятини мустаҳкамлаш, молиявий хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича қарорларни текшириладиган далиллар билан асослашдир.
Ҳамкор ҳақида
Algorithmic Governance Foundation – Оксфорд шаҳрида жойлашган, давлат бошқарувида қарорлар қабул қилишни такомиллаштириш учун алгоритмик ечимлар ишлаб чиқувчи тадқиқот ташкилоти. AGF директори Жессика Рапсон Оксфорд университетида статистика фанлари ва машинали ўрганиш бўйича докторлик тадқиқотини олиб бормоқда. Унинг касбий тажрибаси Канада ҳукумати идораларидаги маълумотлар таҳлили ҳамда G7/G20 тадқиқот гуруҳи доирасида машинали ўқитишга асосланган воситалар яратишни қамраб олади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









