Объект даражасида иссиқхона газлари эмиссияларининг мониторинги, ҳисоботи ва текшируви (MRV) тизимини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» муҳокама қилинди
2026-11-03 20:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу тадбир Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун «Углеродни нархлаш бўйича билимлар платформаси» техник кўмак дастури (ECA Carbon Pricing Knowledge Platform TA Program) доирасида Жаҳон банкининг катта мутахассиси Вей-Жен Лю бошчилигидаги миссиянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази ҳамда Жаҳон банки экспертлари ҳамкорлигида ўтказилди. Унда Энергетика вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда мамлакатимизнинг йирик энергетика, металлургия, кимё ва қурилиш материаллари саноати корхоналари, жумладан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, ОКМК, НКМК ва «Ўзкимёсаноат» АЖ вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади — Ўзбекистон Республикасининг «Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида»ги (ЎРҚ-1073-сон) Қонуни ижросини таъминлаш доирасида тартибга солинадиган йирик корхоналарда объект даражасида MRV тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»нинг асосий хулосаларини манфаатдор томонларга тақдим этиш ва амалий механизмларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Муҳокамалар давомида объект даражасида MRV тизимини жорий этишнинг устувор йўналишлари тақдим этилди. Хусусан, норматив-услубий базани шакллантириш, тармоқлар кесимида мониторинг методологияларини ишлаб чиқиш, ёқилғи турлари ва ишлаб чиқариш фаолияти бўйича миллий эмиссия коэффициентлари базасини яратиш, корхоналарга услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда идоралараро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Семинарнинг муҳим йўналишларидан бири электрон ҳисобот шакллари ва иссиқхона газлари эмиссияларининг рақамли реестрини ишлаб чиқиш ҳамда уларни Миллий шаффофлик тизимининг RISQ онлайн платформаси билан интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, Жаҳон банкининг Бозор механизмларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик дастури (PMI) доирасида институционал салоҳиятни ошириш ва ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши йирик энергетика ва саноат корхоналарида иссиқхона газлари эмиссиялари ҳисобининг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш, миллий инвентаризация учун сифатли маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда углерод солиғи ва истиқболда эмиссиялар савдоси тизимини (ETS) жорий этишга тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, объект даражасидаги ишончли эмиссия маълумотлари маҳаллий экспортчиларнинг Европа Иттифоқининг Углерод чегарасини тартибга солиш механизми (CBAM) талабларига мувофиқлигини таъминлаш ва халқаро бозордаги рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




