Миллий углеродни нархлаш ва саноатни декарбонизация қилиш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-03 16:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) томонидан амалга оширилаётган “Яшил саноатлаштириш” лойиҳаси доирасида халқаро эксперт Зсолт Ленгел иштирокида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистонда саноатни модернизация қилиш, декарбонизация жараёнларини жадаллаштириш ва мамлакатнинг иқлим бўйича миллий мажбуриятлари (НДC) бажарилишини қўллаб-қувватлашда эмиссиялар савдоси тизими (ЭЦ) ҳамда углеродни нархлаш механизмларининг амалий аҳамиятини тушунтиришдан иборат бўлди. Шунингдек, корхоналар даражасидаги ишончли эмиссия маълумотлари асосида инвестициявий қарорлар қабул қилиш бўйича халқаро тажриба билан танишилди.
Семинар давомида Европа Иттифоқи мамлакатларининг углеродни нархлаш ва МРВ тизимларини жорий этиш борасидаги амалий тажрибаси муҳокама қилинди. Хусусан, эмиссиялар савдоси тизимининг ишлаш тамойиллари, маълумотлар базасини юритиш ва мониторинг талаблари, эмиссия квоталарини тақсимлаш (жумладан, ауксион механизмлари), мустақил верификация жараёнлари ҳамда ваколатли органлар фаолиятини ташкил этиш масалалари Германиянинг ДЕҲСт тажрибаси мисолида кўриб чиқилди. Шунингдек, эмиссия квоталари ва лойиҳаларга асосланган углерод кредитлари ўртасидаги фарқлар, икки маротаба ҳисобга олишнинг олдини олиш механизмлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим йўналиши углеродни нархлаш механизмларидан тушадиган даромадларни саноатни декарбонизация қилиш ва яшил инвестицияларни рағбатлантиришга йўналтириш масалаларига бағишланди. Шунингдек, Европа Иттифоқининг углерод чегарасини тартибга солиш механизми (CБАМ) доирасида маҳаллий саноат корхоналари, хусусан, минерал ўғитлар ва бошқа экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини сақлаб қолиш ҳамда углерод тўловларининг мамлакат иқтисодиётида қолишини таъминлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда Ўзбекистонда эмиссия квоталари ва углерод нархлаш қоидаларини белгилашдан олдин обектлар даражасида ишончли тарихий маълумотлар базасини шакллантириш бўйича тегишли хулосалар қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси







