Ўзбекистон саноатини ривожлантиришнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди
2026-11-02 18:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, McKinsey & Company компаниясининг глобал бошқарувчи ҳамкори Боб Стернфелс, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари, давлат идоралари вакиллари, шунингдек, саноат ва бизнес соҳалари мутахассислари иштирок этди.
Форум давомида мамлакат саноатини узоқ муддатли ривожлантириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган стратегик ёндашувлар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.
Хусусан, тадбир Ўзбекистоннинг 2035 йилгача мўлжалланган Саноат стратегияси концепцияси юзасидан фикр алмашиш имконини берди. Саноатни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Панель муҳокамаларида саноатни ривожлантиришнинг глобал тенденциялари, халқаро тажриба, шунингдек, Ўзбекистон учун мавжуд имкониятлар ва эҳтимолий муаммолар кўриб чиқилди. Жумладан, инвестицияларни жалб қилиш, йирик халқаро инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, глобал қиймат занжирларига интеграциялашув, экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация қилиш ва саноат ўсишининг янги йўналишларини белгилаш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида саноатнинг асосий тармоқларига бағишланган тематик муҳокамалар ҳам бўлиб ўтди. Уларда тоғ-кон саноати ва чуқур қайта ишлаш, машинасозлик, автомобилсозлик, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, кадрлар тайёрлаш, энергетика, транспорт, инфратузилма ва инвестиция соҳаларидаги устувор масалалар кўриб чиқилди. Иштирокчилар тегишли тармоқларни ривожлантириш имкониятлари, мавжуд муаммолар ва келгуси устувор йўналишлар юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Форум стратегия концепциясини такомиллаштириш, саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва келгуси ишларни изчил давом эттиришга қаратилган мулоқот учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси








