Янги ўзбек алифбоси: ислоҳотлар ва амалиёт уйғунлиги
2026-10-31 16:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Жумладан, 2026 йил 21 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги Қонуни билан янги ўзбек алифбоси такомиллаштирилди.
Шу муносабат билан, давлат ташкилотлари орасида биринчилардан бўлиб Иқтисодиёт ва молия вазирлигида «Такомиллаштирилган ўзбек алифбосига оид тушунтириш ва уни амалда қўллаш» мавзусида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирда Вазирлик марказий аппарати, Божхона қўмитаси, Ғазначилик хизмати қўмитаси, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ходимлари ҳамда видеоконференцалоқа орқали тизим ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни вазир маслаҳатчиси Обиддин Маҳмудов кириш сўзи билан очиб, она тилининг инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамияти, унинг давлат ривожидаги ўрни нақадар муҳим эканини таъкидлаб ўтди.
Мазкур тадбирда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азизжон Эминов иштирок этиб, ўзбек алифбоси тарихи, такомиллаштирилган алифбодаги ўзгаришлар ва қўлланилиши юзасидан батафсил маълумот берди. Шунингдек, ўзбек тилининг жозибадорлиги, бетакрор ифода имкониятлари ҳамда миллий қадриятларимизни акс эттирувчи хусусиятларига бағишланган қисқа видеороликлар намойиш этилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича қатор илмий тадқиқотлар, конференциялар ва жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Ушбу жараёнларда олимлар, ёзувчилар, педагоглар, ахборот технологиялари мутахассислари, нашриёт ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.
Семинарда давлат идораларидаги маълумотлар ва электрон ҳужжат айланиши тизимларини янги алифбога мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.







