Самарқандда пенсия тизимлари келажагига бағишланган халқаро конференция ташкил этилди
2026-10-28 18:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Конференцияда Пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси (ПИЖХА)га аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби давлатларнинг пенсия таъминоти бўйича нуфузли экспертлари иштирок этди.
Мазкур конференция пенсия ва ижтимоий таъминот тизимларининг келажагини муҳокама қилиш, соҳадаги долзарб муаммоларга замонавий ечимлар излаш, илғор халқаро тажриба алмашиш ҳамда Пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси (ПИЖХА)га аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Анжуман давомида демографик ўзгаришлар, меҳнат бозоридаги янги тенденциялар ва уларнинг пенсия тизимларига таъсири, ижтимоий таъминот механизмларининг самарадорлиги ҳамда келгуси 5–10 йилда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга тайёргарлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, аҳолининг демографик таркибидаги ўзгаришларни прогнозлаш, пенсия тизимларини ўрта ва узоқ муддатли режалаштириш ҳамда ижтимоий таъминот соҳасида қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича замонавий ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.
Конференциянинг муҳим йўналишларидан бири пенсия ва ижтимоий таъминот тизимларида рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалалари бўлди.
Муҳокамаларда замонавий ахборот технологияларини демографик прогнозлаш, ижтимоий жараёнларни таҳлил қилиш ва пенсия тизимларини бошқаришда қўллаш истиқболлари, шунингдек, рақамли ечимларни жорий этиш билан боғлиқ имкониятлар, чекловлар ва хавфлар кўриб чиқилди.
Конференция доирасида пенсия таъминоти соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Қозоғистон Республикасининг “Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси” акциядорлик жамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Шунингдек, Пенсия жамғармаси ва Озарбайжон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси ўртасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатлар пенсия таъминоти соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









