Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартлари бўйича 9 та янги лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
2026-10-27 12:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистонда молиявий ҳисобот тизимини халқаро талабларга мувофиқ янгилаш доирасида яна бир муҳим босқич бошланмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 9 та Молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (МҲМС) лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ–282-сон қарори билан бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари ўрнига халқаро стандартларга асосланган янги таҳрирдаги МҲМСларни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Янги стандартларни 2027 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.
Мазкур ислоҳотнинг мақсади фақат ҳисоб қоидаларини янгилаш эмас. У молиявий ҳисоботни компанияларнинг ҳақиқий молиявий ҳолати ва натижаларини тушунарли, ишончли ва қиёсланадиган шаклда акс эттирадиган тизимга айлантиришга қаратилган. Бу тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар, кредиторлар ва бошқа фойдаланувчилар учун қарор қабул қилишга хизмат қиладиган молиявий ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Янги МҲМСлар 2026–2027 йилларда 8 та йўналиш бўйича 30 дан ортиқ ҳужжатни қамраб оладиган кенг кўламли дастурнинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу тизимнинг асослари сифатида бугунги кунга қадар 5 та МҲМС давлат рўйхатидан ўтказилган. Навбатдаги 9 та лойиҳа ҳисобот тақдимоти, активларни ҳисобга олиш, даромадлар ва харажатларни тан олиш ҳамда МҲМСга ўтиш каби муҳим йўналишларни қамраб олади.
Муҳокамага қўйиладиган лойиҳалар:
1. 5-сон МҲМС “Ҳаққоний қийматни баҳолаш”;
2. 7-сон МҲМС “Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини биринчи марта қўллаш”;
3. 10-сон МҲМС “Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот”;
4. 20-сон МҲМС “Товар-моддий захиралар”;
5. 22-сон МҲМС “Асосий воситалар”;
6. 25-сон МҲМС “Номоддий активлар”;
7. 50-сон МҲМС “Харидорлар билан шартномалардан олинадиган даромадлар ва харажатлар ҳисоби”;
8. 53-сон МҲМС “Қарзлар бўйича харажатлар”;
9. 60-сон МҲМС “Чет эл валютасидаги операцияларни ҳисобга олиш”.
Лойиҳалар амалдаги қоидаларни халқаро ёндашувларга мувофиқ тизимлаштириш билан бирга, миллий стандартларда етарлича тартибга солинмаган муҳим ҳисоб масалаларини қамраб олади. Жумладан, биринчи марта қўллаш стандарти ташкилотларга янги талабларга ўтишнинг умумий асосларини белгиласа, пул оқимлари, захиралар, асосий воситалар, номоддий активлар, шартномалардан даромадлар, қарз харажатлари ва валюта операциялари бўйича лойиҳалар тегишли ҳисоб объектларини ягона ёндашувда акс эттиришга қаратилган.
Стандартларнинг сифатли ва амалиётда қўллаш мумкин бўлган шаклда ишлаб чиқилиши учун мутахассислар ва ҳисоботдан фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазалари муҳим. Шу сабабли бухгалтерлар, аудиторлар, тадбиркорлик субъектлари, профессионал бирлашмалар, вазирлик ва идоралар, таълим ва илмий муассасалар вакиллари лойиҳаларни ўрганиб, таклифларини билдиришга таклиф этилади.
Маълумот учун: бугунги кунга қадар қуйидаги МҲМС стандартлари давлат рўйхатидан ўтказилган:
“Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг Концептуал асослари” (р/р: 3854, 2026 йил 10 июнь);
1-сон МҲМС “Молиявий ҳисоботларда ахборотларни тақдим этиш ва ёритиб бериш” (р/р: 3923, 2026 йил 13 август);
2-сон МҲМС “Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари” (р/р: 3810, 2026 йил 11 апрель);
70-сон МҲМС “Қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисоби” (р/р: 3944, 2026 йил 28 сентябрь);
77-сон МҲМС “Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот” (р/р: 3917, 2026 йил 8 август).
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
