Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди
2026-10-22 19:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда вазирлик раҳбарияти ва ходимлари, тилшунос олимлар, маданият ва санъат вакиллари ҳамда таклиф этилган меҳмонлар иштирок этди.
Байрам дастури вазирлик ходимлари иштирокидаги ўзига хос саҳна диалоги билан бошланди. Шундан сўнг ўзбек тилининг бой тарихи, маданий меросимиз ва миллий ўзлигимизни ифода этишдаги аҳамиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Тадбир давомида Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Обиддин Маҳмудов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим ҳамда Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси маслаҳатчиси Ойгул Кажанова сўзга чиқди.
Чиқишларда она тилимизнинг миллий ўзликни англаш, тарихий хотира ва маънавий қадриятларни авлоддан авлодга етказишдаги ўрни, шунингдек, давлат тилининг нуфузини ошириш ва ундан расмий иш юритишда самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Байрам дастури доирасида тайёрланган саҳна кўриниши тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Шунингдек, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабаси, биринчи “Ўзбек маданияти элчиси” Машу Комазакининг чиқиши дастурдан ўрин олди.
Тадбирнинг яна бир муҳим қисми Умуммиллий диктант ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Унда диктантда юқори натижаларга эришган иштирокчилар эътироф этилди. Мазкур ташаббус ходимларнинг давлат тилида саводли ёзиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўзбек тили меъёрларига риоя этиш ва ёзма нутқ маданиятини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир сўнгида “Туркистонда жадидчилик” асари юзасидан муҳокама бўлиб ўтди. Унда жадид маърифатпарварларининг она тилини ривожлантириш, миллий мактаб ва матбуотни шакллантириш йўлидаги фидокорона фаолияти, уларнинг ғоялари бугунги кунда ҳам долзарблиги хусусида фикр алмашилди.
Ўзбек тили байрамига бағишланган ушбу тадбир она тилимизга ҳурмат, ундан кундалик фаолият ва расмий иш юритишда тўғри фойдаланиш, шунингдек, тилимизнинг бой имкониятларини асраб-авайлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









