Тил — миллат кўзгуси
2026-10-22 16:40:00 / Вазирлик янгиликлари

21 октябрь — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида Ўзбек тили байрамига бағишланган расмий тадбир бўлиб ўтди. Унда барча вазирлик, идора ва ташкилотлар қаторида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси бошчилигида бошқарма бошлиқлари, мутахассислар, шунингдек, Ғазначилик қўмитаси, Божхона қўмитаси каби тизим ташкилотлари раҳбарларининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда ходимлари қатнашди.
Тадбир ўзбек мумтоз адабиётининг султони Мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Иштирокчилар миллат тараққиёти ва маданият ривожида она тилимизнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан боғлиқ тарихий воқеаларга тўхталиб ўтдилар.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа ая билан учрашув бўлиб ўтди. У шoirнинг адабиётимиздаги ўрни, ижоди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг яратилиш тарихи ҳақида қизиқарли хотиралари билан ўртоқлашди.
Байрам муносабати билан вазирликнинг ўзида ҳам тил билимларини синовдан ўтказиш имконияти яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Умуммиллий диктант» лойиҳаси ўтказилди. Лойиҳа иштирокчилари она тили қоидаларини қанчалик пухта ўзлаштирганликларини намойиш этдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Обиддин Маҳмудов ходимларни байрам билан табриклаб, вазирликда давлат тили талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.






