Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мониторинги ва баҳолаш бўйича семинар бўлиб ўтди
2026-10-19 20:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари, халқаро ташкилотлар, тараққиёт бўйича ҳамкорлар, шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро экспертлар иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади Ўзбекистонда БРМга эришиш борасидаги натижаларни баҳолаш, халқаро ва миллий мониторинг механизмларини такомиллаштириш, ҳудудлар кесимида барқарор ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил қилиш ҳамда халқаро экспертлар билан тажриба алмашишдан иборат бўлди.
Семинарнинг очилиш маросимида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда SDSN ўртасида Қўшма декларация имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда SDSN фаолиятини расман йўлга қўйиш ва мамлакатнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги устувор вазифаларини амалга оширишда ушбу нуфузли халқаро тармоқ билан узоқ муддатли ҳамкорликни бошлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Қўшма декларациянинг имзоланиши Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни қўллаб-қувватлаш, илмий ва эксперт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, халқаро тажриба ва илғор ёндашувларни миллий амалиётга жорий этиш борасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Тадбир доирасида SDSN экспертлари томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари индекси (SDG Index) методологияси, кўрсаткичларни танлаш ва баҳолаш, маълумотларни меъёрлаштириш ва умумлаштириш, шунингдек, БРМга эришиш жараёнидаги тенденцияларни кузатиб бориш усуллари тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги натижаларини таҳлил қилиш, миллий ва ҳудудий даражадаги кўрсаткичлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш ҳамда мавжуд маълумотлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. БРМ кўрсаткичларини мониторинг қилишда замонавий географик ахборот тизимлари (GIS) ва масофадан зондлаш технологияларидан фойдаланиш, хусусан, ер деградациясини баҳолаш бўйича халқаро ёндашувлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Семинарда Ўзбекистонда барқарор ривожланиш бўйича ҳисоботларни тайёрлаш, БРМ ижросини баҳолашнинг миллий тизимини халқаро ёндашувлар билан уйғунлаштириш ва ҳудудлар кесимидаги маълумотлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
SDSN делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган учрашув ва семинарлар барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро экспертлар салоҳиятидан фойдаланиш ва Ўзбекистоннинг БРМга эришиш борасидаги натижаларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









