Осиё тараққиёт банки Президенти билан учрашув бўлиб ўтди
2026-10-16 19:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ОТБ Президентининг бош маслаҳатчиси Кейчиро Инуи, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакатимизда иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, учрашув доирасида электр тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича битим имзоланди. Лойиҳа электр таъминотининг ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш, подстанцияларни модернизация қилиш, электр тармоқлари қувватини кенгайтириш ҳамда рақамли бошқарув тизимларини жорий этишга қаратилган.
Мулоқот давомида иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш жараёнларида сунъий интеллектдан фойдаланиш, маълумотларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш, рақамли инфратузилма ва киберхавфсизликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу йўналишларда ОТБнинг техник кўмаги ва халқаро экспертлар салоҳиятидан фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган мақсадларга эришиш йўлида тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


