Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-10-16 19:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ўринбосари Танос Арванитис, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистондаги иқтисодий-молиявий жараёнлар, ўрта муддатли иқтисодий истиқболлар ҳамда ХВЖ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва фискал сиёсат самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида ХВЖнинг техник кўмаги асосида давлат харажатларини таҳлил қилиш, бюджетни режалаштириш ва прогнозлаш, шунингдек, фискал сиёсатнинг иқтисодий ва ижтимоий таъсирини баҳолаш механизмларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва трансформация қилиш, пенсия тизимини ислоҳ этиш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш каби устувор йўналишлар ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикр алмашишни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси

