Халқаро молия корпорациясининг минтақавий вице-президенти билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-10-16 19:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ХМКнинг Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон бўйича бўлинмаси раҳбари Лиза Кестнер, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, томонлар инфратузилмани ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва давлат-хусусий шериклик механизмларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек, мулоқот давомида транспорт, энергетика, сув хўжалиги ва ижтимоий инфратузилма йўналишларидаги истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, Тошкент — Андижон пуллик автомобиль йўли, электр тақсимлаш тизимини такомиллаштириш, ирригация насос станцияларини модернизация қилиш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик имкониятлари ҳамда ҳудудларда умумтаълим мактабларини қуриш каби ташаббуслар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, учрашувда хусусий секторни ривожлантириш ва тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш масалалари ҳам муҳим ўрин тутди. Хусусан, ипотека бозорини ривожлантириш, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш, тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш йўналишларида ХМК тажрибаси ва экспертлик салоҳиятидан фойдаланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар юқоридаги масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фикр алмашишни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



