Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-10-16 18:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ЕТТБнинг биринчи вице-президенти Грег Гайет, ЕТТБнинг банк бўйича вице-президенти Маттео Патроне, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистондаги макроиқтисодий жараёнлар, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда ЕТТБ билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан муҳокамалар олиб бордилар.
Давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларни трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари, шунингдек, ушбу йўналишдаги институционал ўзгаришлар билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди. Хусусан, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, мазкур соҳа учун молиявий имкониятларни кенгайтириш ҳамда янги институционал ечимларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, ипотека бозорини молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш ва тегишли лойиҳаларни илгари суриш юзасидан фикр алмашилди. Музокараларда энергетика ва транспорт соҳаларини ривожлантиришда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикр алмашишни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


