Яримўтказгичлар саноати учун кадрлар ва технологиялар бўйича Малайзия билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2026-10-16 16:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Ташрифнинг биринчи босқичи Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтди. Делегация Малайзиянинг IC Design Park мажмуаси ҳамда ушбу йўналишдаги асосий ҳамкорлардан бири — MIMOS Berhad ташкилоти фаолияти билан танишди.
Ташриф доирасида MIMOS Berhad лабораториялари, яримўтказгич пластиналарини (wafers) ишлаб чиқариш, микроэлектрон қурилмалар прототипларини яратиш, интеграл микросхемаларни синовдан ўтказиш ва уларнинг ишончлилигини баҳолашга мўлжалланган технологик инфратузилма ўрганилди.
Шунингдек, делегация Selangor AI & Semiconductor Summit 2026 халқаро саммитида иштирок этди. Тадбир доирасида яримўтказгичлар ва сунъий интеллект йўналишларида фаолият юритувчи ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилиб, истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистон ва Малайзия ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши бўлди.
Жумладан, Ўзбекистоннинг ToshTech техника университети ва Малайзиянинг ASEM Academy ҳамда Great ASIC компанияси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Cyber University олий таълим муассасаси билан Малайзиянинг Asia e University (AeU), Asia Pacific University of Technology & Innovation (APU) олий таълим муассасалари ва AlphaSwift компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мазкур келишувлар яримўтказгичлар саноати учун малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни ривожлантириш, илғор технологиялар бўйича тажриба алмашиш ҳамда таълим ва саноат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айни пайтда Ўзбекистон делегациясининг Малайзияга амалий ташрифи иккинчи босқичда Пенанг шаҳрида давом этмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





