Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритиш мезонлари
2026-10-15 12:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (PIE) — фаолият тури, активлари, йиллик тушуми ёки ходимлари сони туфайли юқори ижтимоий ва иқтисодий таъсирга эга бўлган, шунингдек, кенг доирадаги манфаатдор томонлар учун аҳамият касб этадиган ташкилотлардир.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестри Солиқ қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан шакллантирилади.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами — 3736, 2025 йил 27 декабрь) мувофиқ, ташкилотларни мазкур тоифага киритиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
- Фонд биржаси листингига киритилган ташкилотлар;
- Тижорат банклари, микромолия ва тўлов ташкилотлари;
- Инвестиция фондлари;
- Биржалар;
- Давлат иштироки мавжуд бўлган йирик корхоналар;
- Кетма-кет охирги икки календарь йил давомида активлари ва соф тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 миллион бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлган ҳамда ходимлари сони 500 нафардан кам бўлмаган ташкилотлар.
Олтинчи мезон бўйича юридик шахсларни реестрга киритиш масаласи кўриб чиқилаётган йилдан олдинги икки календарь йил якуни бўйича солиқ органларига тақдим этилган молиявий ҳисоботлардаги кўрсаткичлар асосида аниқланади.
Бунда, 2024–2025 йиллардаги молиявий ҳисобот кўрсаткичлари қуйидаги учта талабнинг барчасига бир вақтнинг ўзида жавоб берган юридик шахслар реестрга киритилади:
- Активларининг баланс қиймати — БҲМнинг 1 миллион баравари (440 миллиард сўм) ва ундан ортиқ;
- Соф тушуми — БҲМнинг 1 миллион баравари (440 миллиард сўм) ва ундан ортиқ;
- Ходимларининг ўртача йиллик сони — камида 500 нафар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, белгиланган мезонлар асосида реестрга киритилган корхоналар сони 449 тани ташкил этади.
Шуни таъкидлаш жоизки, Yandex, Wildberries, UzIMEI ва CRPT TURON каби корхоналар кетма-кет охирги икки йил давомида ходимлари сони 500 нафардан кам бўлганлиги сабабли реестрга киритилмаган.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестри мунтазам равишда янгилаб борилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси

