“Franklin Templeton” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди
2026-10-13 20:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда “Templeton Global Investments” бош инвестиция директори ва “Templeton Asset Management” бош ижрочи директори Манраж Секхон, “Templeton Global Investments” компаниясининг Марказий Осиё бўйича бош ижрочи директори Мариус Дан ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть-газ соҳаси бўйича ўринбосари Хуршед Мустафаев иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, давлат иштирокидаги корхоналарни самарадорлигини ошириш, капитал бозорини ривожлантириш ҳамда халқаро инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) портфелидаги компаниялар фаолиятини трансформация қилиш, уларнинг корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, молиявий шаффофлигини ошириш ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, айрим корхона акцияларини бирламчи оммавий таклиф этиш (IPO) жараёнларига тайёрлаш, халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятлари, институционал инвесторларни жалб этиш ҳамда ушбу жараёнларда халқаро тажрибадан фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар инвестиция жараёнларининг самарадорлигини ошириш, халқаро стандартларга мувофиқ корпоратив бошқарув амалиётларини жорий этиш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув якунида томонлар ўзаро мулоқотни давом эттириш, устувор йўналишларда ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ҳамда келгусидаги қўшма ташаббусларни муҳокама қилишга қизиқиш билдирдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



