Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестри янгиланди
2026-10-12 14:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (ЖАЭТ) реестрини белгиланган мезонларга мувофиқлик бўйича ўтказилган мониторинг натижалари асосида янгилади. Натижада реестрдаги ташкилотлар сони 425 тадан 449 тага етди. Мезонларга жавоб берадиган 24 та ташкилот реестрга биринчи бор киритилди.
Янгиланиш жамоатчилик манфаатлари учун муҳим бўлган ташкилотларни мунтазам аниқлаш, уларнинг мақомини белгиланган мезонлар асосида қайта баҳолаш ва реестр маълумотларининг долзарблигини таъминлашга қаратилган.
Мониторинг давомида реестрда аввалдан мавжуд бўлган 17 та ташкилот айни пайтда белгиланган мезонларга жавоб бермаслиги аниқланди. Бироқ, «Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритиш мезонлари, уларнинг молиявий ҳисоботлари ва аудитига қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги Низомнинг (рўйхат рақами: 3736, 2025 йил 27 декабрь) 18-бандига асосан, мезонларга жавоб бермаслик ҳолати аниқланган ташкилот кейинги икки йил давомида реестрда сақланади. Ушбу тартиб ташкилотларга ҳисобот, аудит ва корпоратив бошқарув бўйича талабларни бажаришда узлуксизликни таъминлашга хизмат қилади.
Реестрнинг мунтазам янгиланиши молиявий ҳисобот ва аудит шаффофлиги ҳамда сифатини ошириш, жамоатчилик ва инвесторлар манфаатларига таъсир кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини мониторинг қилиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) қўллаш кўламини кенгайтиришга қаратилган.
Янгиланган реестр билан Ҳукумат порталидаги қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (ЖАЭТ) реестри
2026 йилда реестрга киритилган жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар 2027 йил 1 январдан бошлаб МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритишни ташкил этади. Улар иккинчи йил якунига, яъни 2028 йил охирига қадар молиявий ҳисоботларни МҲХСга мувофиқ тузиши ва аудиторлик хулосалари билан бирга эълон қилиши лозим. Қонунчилик ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддати белгиланган юридик шахслар бундан мустасно. Ушбу талаблар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ–282-сон қарори ва Низомда белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
