Бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва коррупциянинг олдини олиш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди
2026-10-09 12:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбир вазирлик тизими ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, бюджет қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, молиявий назорат самарадорлигини кучайтириш ҳамда коррупциявий хавфларнинг олдини олиш мақсадида тасдиқланган режа-жадвал ва ўқув дастури асосида ўтказилди.
Семинарда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари ҳамда Пенсия жамғармаси тизимидан 6 та гуруҳга ажратилган жами 117 нафар ходим иштирок этди.
Хусусан, ўқув-семинарда қуйидаги йўналишларда фаолият юритувчи раҳбар ва мутахассислар қатнашди:
- Ҳудудий иқтисодиёт ва молия бош бошқармаларининг ҳудуд иқтисодий ўсишини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, драйвер соҳалар асосида мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва мониторинг қилиш шўъбалари бошлиқлари;
- Ижтимоий соҳа муассасаларини молиявий таъминлаш, Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағларини бошқариш ҳамда ижтимоий суғурта нафақалари тўловларини мониторинг қилиш бўлимлари (шўъбалари) етакчи мутахассислари;
- Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимларининг саноатни ривожлантириш бўйича бош мутахассислари;
- Бюджет даромадларини прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш бўйича бош мутахассислар;
- Маҳаллаларнинг молиявий таъминотини ташкил этиш ва фуқаролар ташаббусли бюджети жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассислар;
- Туман (шаҳар) бўлимларининг фуқароларга хизмат кўрсатиш шўъбалари бош мутахассислари.
Ўқув дастурига мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ички аудит департаменти ҳамда Комплаенс хизмати бошқармаси масъул ходимлари томонидан бюджет интизоми, молиявий назорат, коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга оид долзарб масалалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Жумладан, 2025 йилда Давлат бюджети, шу жумладан маҳаллий бюджетлар даромадлари прогнозлари ва харажатларининг амалдаги ижроси, шунингдек, 2025–2026 йилларда ўтказилган аудит ва назорат тадбирлари натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларида, Ғазначилик хизмати ва Пенсия жамғармаси тизимида аниқланган хато ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, вазирлик тизимида 2025–2026 йилларда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва юзага келган ҳолатларни бартараф этиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳамда ташкил этилган профилактик тадбирлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, бюджет интизомини янада мустаҳкамлаш, молиявий қонунбузарликларнинг олдини олиш, коррупциявий хавфларни камайтириш ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича фикр ва таклифлар муҳокама қилинди.
Мазкур йўналишдаги ўқув-семинарлар ва давра суҳбатлари тасдиқланган режа-жадвал асосида вазирлик тизимининг бошқа таркибий тузилмалари ходимлари иштирокида ҳам давом эттирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



