Ҳиндистон Миллий тўлов корпорацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-09-27 18:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда хорижий томондан Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант, NPCI компаниясининг бош ижрочи директори ва бошқарувчи директори Дилип Асбе, шунингдек, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида бизнесни ривожлантириш бўйича раҳбари Чинар Дешпанде иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев, Ўзбекистон миллий банки бошқаруви раиси ўринбосари Бахтиёр Мирдовидов ва бошқа масъул шахслар иштирок этди.
Учрашув давомида иштирокчилар Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳиндистонлик сайёҳлар учун тўлов усули сифатида Ягона тўлов интерфейсини (UPI) жорий этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Маълумот учун: Unified Payments Interface (UPI) – Ҳиндистон Миллий Тўлов Корпорацияси (NPCI) томонидан ишлаб чиқилган Ҳиндистондаги электрон тўлов тизими. Бу фойдаланувчиларга мобил қурилмалар орқали тезкор операцияларни амалга ошириш имконини беради. UPI турли банк хизматларини битта иловага бирлаштиради, бу фойдаланувчиларга UPI ID деб номланувчи ноёб идентификатор ёрдамида пул жўнатиш ва қабул қилиш, тўлов ва харидларни амалга ошириш имконини беради.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар ва таклиф этилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ҳаракатлари режасини ишлаб чиқиш заруратини келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


