Осиё тараққиёт банки вакиллари билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-10-06 21:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ОТБнинг Ўзбекистонда мамлакат операциялари раҳбари Мирзо Искандар Гуламов, ОТБнинг катта иқтисодчиси Шерзод Акбаров ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, амалдаги ташаббусларни ривожлантириш ҳамда истиқболдаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борилди.
Учрашувда яримўтказгичлар ва микроэлектроника соҳасини ривожлантириш, инновацион салоҳиятни кенгайтириш бўйича имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур соҳада халқаро тажриба ва техник кўмакдан фойдаланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, томонлар сунъий интеллект технологияларидан иқтисодий жараёнларда самарали фойдаланиш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва янги технологик имкониятларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида инфратузилмавий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича истиқболли имкониятлар кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги амалий алоқаларни изчил давом эттириш, ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодий ва технологик тараққиётга хизмат қилувчи янги ҳамкорлик имкониятларини биргаликда илгари суриш муҳимлигини қайд этдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




