"Ташаббусли буджет"ни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик давом этмоқда
2026-10-06 14:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Давлат бюджети сиёсати департаменти директори Адҳам Эшчанов томонидан 2026 йил якунлари тақдим этилди. Икки мавсум давомида жами 4 804 та фуқаро ташаббуси қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш учун 6,5 трлн сўм маблағ йўналтирилди.
Жорий йилда лойиҳада янги механизмлар, жумладан, ҳамкорлик асосида молиялаштириш ва «депутат ташаббуси» жорий этилди. Ҳамкорлик асосида молиялаштириш орқали 50 фоиз маблағни фуқаролар томонидан шакллантириш шарти билан 152 та лойиҳа қўллаб-қувватланди ва аҳоли томонидан қарийб 10 млрд сўм маблағ сафарбар қилинди. «Депутат ташаббуси» доирасида эса 495 та лойиҳа қўшимча равишда танлаб олиниб, уларнинг умумий қиймати 479 млрд сўмни ташкил этди.
Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон молия идоралари ўртасидаги 2024–2026 йиллардаги ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинди. Ушбу даврда 44 та тадбир, 9 та таҳлилий материал амалга оширилиб, мактабларда ташаббусли бюджетлаштиришнинг «Maktab Open Budget» модели ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.
Учрашувда, шунингдек, рақамли технологиялар ва катта маълумотлар таҳлили имкониятларидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Мазкур йўналишлар фуқароларнинг бюджет жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтириш ва ташаббусли бюджетлаштириш механизмларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси







