УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ: ТАЖРИБА ВА АНЪАНАЛАР ДАВОМИЙЛИГИ
2026-09-30 19:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Шу маънода, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташаббуси билан «Уч авлод учрашуви» маънавий-маърифий тадбири ўтказилди. Тадбирда вазирлик тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар, тажрибали устозлар ҳамда ёш ходимлар иштирок этиб, самимий мулоқот ва тажриба алмашиш муҳити яратилди.
Уч авлод вакилларини бир даврада жамлаган мазкур учрашувнинг асосий мақсади — йиллар давомида шаклланган касбий анъаналарни ёш авлодга етказиш, устозларнинг бой ҳаётий ва меҳнат тажрибасидан самарали фойдаланиш, ёш мутахассисларда касбга садоқат ва масъулият туйғусини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Айниқса, бугунги ёш мутахассислар учун устозларнинг меҳнатсеварлик, ҳалоллик, масъулият, эл-юртга садоқат ва касбга фидойилик ҳақидаги ҳаётий фикрлари алоҳида аҳамият касб этди.
— Инсон қайси лавозимда ишламасин, аввало, ўз касбига ҳалол ва виждонан ёндашиши керак, — дея таъкидлади вазирлик тизимида узоқ йиллар ишлаган Гулбаҳор Арипова. — Йиллар ўтиб, лавозимлар ўзгаради, аммо инсоннинг меҳнати, қолдирган яхши номи ва шогирдлари унинг энг катта меросидир.
Бугунги шиддатли даврда замонавий билим ва технологиялар билан бир қаторда, миллий қадриятлар, касбий анъаналар ва устоз-шогирдлик тамойилларини асраб-авайлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, вазирликда фахрийларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг бой тажрибасидан ёшлар тарбияси ва касбий фаолиятида фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Уларнинг ҳар бири вазирлик ва соҳа тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, бугунги натижалар пойдеворини яратишда меҳнати билан иштирок этган фидойи инсонлардир.
«Бунёдкор» футбол академияси майдонида «Спорт — соғлиқ гарови» шиори остида ўтказилган спорт тадбирида вазирлик марказий аппарати ходимлари ҳамда вазирлик тизимида кўп йиллар меҳнат қилган фахрий устозлар ҳам иштирок этди.
Спорт баҳонасида авлодлар яна бир бор бирлашди. Самимий суҳбатлар, ҳазил-мутойиба ва дўстона муҳит ёшлар билан фахрийларни янада яқинлаштирди.
Фахрийлар ёшларга ўз ҳаётий тажрибалари, соғлом турмуш тарзи ва инсон саломатлигига эътибор бериш ҳақида фикрларини билдиришди.
Тоҳир ИМОМОВ,
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходими, Фахрийлар кенгаши раиси





