Ўзбекистон ва Миср ўртасида қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-09-29 19:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни, хусусан, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини самарали бошқариш, чўл ва яйлов ҳудудларини ўзлаштириш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар жорий йилнинг 15–20 сентябрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига амалга оширган ташрифи якунларига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур ташриф давомида Мисрнинг сув ресурсларини бошқариш, янги ерларни ўзлаштириш, замонавий суғориш технологиялари, уруғчилик, чорвачилик ва чўл ҳудудларидан самарали фойдаланиш борасидаги тажрибаси ўрганилган эди.
Учрашувда Мисрнинг илмий-тадқиқот марказлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, сув тежовчи технологиялар, гидрология ва моделлаштириш, GIS ва масофадан зондлаш, иқлим ўзгариши ҳамда сув ресурсларидан қайта фойдаланиш йўналишларида қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди. Ушбу йўналишларда Ўзбекистон ва Миср ўртасида тажриба алмашиш бўйича аввал эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда яйлов ва фойдаланишдан чиққан ерларни қайта ўзлаштириш, замонавий ирригация ечимларини қўллаш, уруғчилик ва чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган пилот лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Мазкур йўналишда Миср тажрибаси асосида дастлаб 20 минг гектар майдонда пилот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Мулоқот давомида икки мамлакат мутахассислари ва олимларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, қўшма лойиҳаларни шакллантириш ҳамда илмий ва амалий ҳамкорликни кучайтириш бўйича фикр алмашилди. Хусусан, Мисрнинг етакчи илмий марказлари мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этиб, яйловларни ўзлаштириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни илмий асосда ривожлантириш бўйича амалий ишларни давом эттириш назарда тутилган.
Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишларда аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, экспертлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ҳамда Ўзбекистон–Миср ҳамкорлигини янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




