S&P Global Ratings вакиллари билан мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар юзасидан фикр алмашилди
2026-09-29 21:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистондаги жорий иқтисодий тенденциялар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, томонлар мамлакат иқтисодий ўсишининг барқарорлигини ошириш, ялпи ички маҳсулот ўсиши бўйича белгиланган мақсадларга эришиш ва узоқ муддатли иқтисодий истиқболларни таъминлаш, инфляцияни пасайтириш ҳамда унинг барқарор равишда паст даражада шаклланиши учун амалга оширилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Учрашувда фискал бошқарувни такомиллаштириш ва фискал стратегияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, давлат молиясини самарали бошқариш, фискал барқарорликни мустаҳкамлаш ва давлат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларни трансформация қилиш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини давом эттириш, хусусий секторни ривожлантириш ва унинг иқтисодиётдаги ролини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикр алмашиш жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


