Пенсия ислоҳоти масалалари бўйича халқаро экспертлар билан учрашув бўлиб ўтди
2026-09-29 21:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Халқаро меҳнат ташкилоти Ижтимоий ҳимоя департаменти Актуар хизматлар бўлими раҳбари Андре Пикард, Халқаро валюта жамғармаси Фискал масалалар департаменти катта иқтисодчиси Чаба Фехер ҳамда Жаҳон банкининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича катта мутахассиси Химанши Жейн қатнашди.
Учрашув давомида халқаро тажриба ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда пенсия тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Пенсия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, пенсия ҳуқуқларини шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, аҳолининг пенсия тизими билан қамровини кенгайтириш, жамғариб бориладиган таркибий қисмни ривожлантириш ҳамда тизимни демографик ўзгаришларга мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, иштирокчилар пенсия тизими архитектурасини янада такомиллаштиришга оид мумкин бўлган ёндашувларни, жумладан, турли пенсия компонентларини уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув доирасида пенсия жамғармаларини бошқариш, индивидуал пенсия ҳисобварақларини ривожлантириш, инвестиция механизмлари ҳамда пенсия активларини бошқаришнинг институционал ёндашувлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар пенсия ислоҳотининг келгусидаги йўналишлари юзасидан фикр алмашиб, актуар, молиявий ва ижтимоий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда экспертлар ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




