Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисобига оид янги миллий стандарт тасдиқланди
2026-09-29 16:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ–282-сон қарори билан белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги амалий натижасидир.
Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, ундаги биологик жараёнлар, мавсумийлик ва табиий-иқлим шароитлари бухгалтерия ҳисобини юритишда ўзига хос ёндашувларни талаб этади.
Шу нуқтаи назардан, янги стандарт биологик активлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва биологик активларга тааллуқли давлат ёрдамини ҳисобга олишнинг ягона қоидаларини белгилайди. Бунда халқаро стандартлар тамойиллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг тармоқ хусусиятларига мослаштирилган.
Стандартнинг муҳим амалий жиҳатларидан бири – фермер хўжаликлари учун соддалаштирилган ҳисоб юритиш тартибининг назарда тутилганидир. Бу ҳисоб юритиш жараёнларини енгиллаштиришга, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва таққосланувчанлигини таъминлашга хизмат қилади.
70-сон МҲМСнинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги субъектларининг молиявий ҳолати ва фаолият натижалари тўғрисидаги ахборот сифатини ошириш, инвесторлар ва кредиторлар учун ишончли ахборот муҳитини шакллантириш ҳамда соҳада молиявий бошқарувни такомиллаштиришга кўмаклашади.
Шу маънода, мазкур стандарт янги авлод МҲМСлар тизимини шакллантиришга қаратилган ўзаро боғлиқ ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида аҳамиятлидир. Унинг жорий этилиши миллий молиявий ҳисобот тизимини халқаро амалиётга яқинлаштириш, иқтисодиётнинг реал секторида молиявий шаффофликни ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Мазкур стандарт 2027 йил 1 январдан кучга киради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан миллий молиявий ҳисобот стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Маълумот учун: 70-сон МҲМСга қадар қуйидаги янги авлод стандартлари давлат рўйхатидан ўтказилган:
1. “Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг Концептуал асослари” (рўйхат рақами 3854, 2026 йил 10 июнь);
2. 2-сон МҲМС “Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари” (рўйхат рақами 3810, 2026 йил 11 апрель);
3. 77-сон МҲМС “Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот” (рўйхат рақами 3917, 2026 йил 4 август);
4. 1-сон МҲМС “Молиявий ҳисоботларда ахборотларни тақдим этиш ва ёритиб бериш” (рўйхат рақами 3923, 2026 йил 13 август).
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
