Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника: халқаро конференциянинг биринчи куни ўтказилди
2026-09-28 20:20:00 / Вазирлик янгиликлари

28 сентябрдан 1 октябргача давом этадиган тадбир яримўтказгичлар физикаси, микроэлектроника, замонавий технологиялар ва ушбу йўналишларда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим илмий майдон сифатида хизмат қилади.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон физиклар кенгаши, Осиё тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлар кўмагида ташкил этилмоқда.
Тадбирда 55 нафар хорижий олим ва мутахассис ҳамда Ўзбекистоннинг қарийб 100 нафар олими иштирок этмоқда. Халқаро ва маҳаллий илмий ҳамжамият вакилларининг бир майдонда жамланиши замонавий яримўтказгич технологиялари бўйича тажриба алмашиш, илмий алоқаларни кенгайтириш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш имконини бермоқда.
Микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш истиқболлари
Конференциянинг биринчи кунида халқаро экспертлар иштирокида замонавий микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Siemens EDA (Германия), GreatAsic Technology (Малайзия), Осиё тараққиёт банки ҳамда National Yang Ming Chiao Tung University (Тайвань) вакиллари иштирокида микроэлектроника саноатини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ва илғор амалиётлар, яримўтказгичлар соҳасининг глобал қиймат занжиридаги ўрни ва мавжуд имкониятлар, шунингдек, интеграл микросхемаларни лойиҳалаш ва илғор технологик ечимларни жорий этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан яримўтказгичлар ва микроэлектроника соҳасида фойдаланиш, замонавий чипларни лойиҳалаш жараёнларини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар давомида турли мамлакатларнинг яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш бўйича тажрибаси, глобал технологик тенденциялар ҳамда ушбу йўналишда халқаро илмий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур мулоқотлар Ўзбекистонда яримўтказгичлар физикаси, микроэлектроника, чип дизайни, илмий-тадқиқот фаолияти ва юқори технологияли кадрлар тайёрлаш йўналишларини ривожлантириш истиқболларини халқаро тажриба асосида муҳокама қилиш учун муҳим имконият яратди.
Фан, технология ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик
Конференциянинг асосий жиҳатларидан бири — фундаментал илмий тадқиқотлар билан амалий технологик ривожланиш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилганидир.
Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника йўналишидаги тараққиёт замонавий саноатнинг кўплаб тармоқлари, жумладан, рақамли технологиялар, телекоммуникация, автомобилсозлик, энергетика ва бошқа юқори технологик йўналишлар билан бевосита боғлиқ.
Шу сабабли мазкур конференция доирасидаги халқаро тажриба алмашинуви илмий тадқиқотларни ривожлантириш, замонавий технологияларни ўрганиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда илм-фан ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон учун эса ушбу йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш яримўтказгичлар, микроэлектроника, интеграл микросхемаларни лойиҳалаш, илмий-тадқиқот ишлари ва юқори технологик ишлаб чиқариш бўйича ривожланиш истиқболларини чуқурроқ муҳокама қилиш имконини беради.
Халқаро конференция 1 октябрга қадар давом этади. Тадбирнинг кейинги кунларида ҳам яримўтказгичлар физикаси, микроэлектроника, илмий ҳамкорлик, технологик ривожланиш ва саноат учун янги имкониятларга оид масалалар юзасидан фикр ва тажриба алмашинуви давом эттирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









