Жаҳон банки вакиллари билан янги иқтисодий ўсиш йўналишлари муҳокама қилинди
2026-09-25 21:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий амалиёт директори Абебе Адугна, Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистон ва Туркманистондаги минтақавий раҳбари Нил Маккейн ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари, юқори иқтисодий ўсишнинг давомийлигини таъминлаш, шунингдек, янги ўсиш манбаларини шакллантириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Учрашувда мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, хусусий секторнинг фаоллигини ошириш, инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда янги ва сифатли иш ўринларини яратиш учун қулай шарт-шароитларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, музокараларда томонлар иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда глобал қиймат занжирларидаги иштирокни кенгайтириш каби йўналишлар юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида томонлар конструктив мулоқотни изчил давом эттириш, иқтисодий ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатнинг узоқ муддатли, барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсиши учун янги имкониятларни биргаликда ўрганишда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





