Миллий шаффофлик тизими онлайн платформаси ишга туширилди
2026-09-24 19:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази, Эхпертисе Франcэ ҳамда Cитепа экспертлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – Миллий шаффофлик тизими онлайн платформасини миллий манфаатдор томонларга расман тақдим этиш, унинг функционал имкониятларини намойиш этиш ҳамда платформадан самарали фойдаланиш бўйича зарур амалий кўникмаларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Мазкур платформа Ўзбекистоннинг Кенгайтирилган шаффофлик тизими доирасидаги иқлим мажбуриятлари бўйича маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, бошқариш ва ҳисоботларда акс эттириш жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилади.
Семинар-тренинглар давомида иштирокчиларга платформанинг архитектураси, асосий функционал модуллари ва ишлаш механизмлари тақдим этилди. Хусусан, иссиқхона газлари инвентаризацияси (кадастри) модули, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш модули, маълумотларни киритиш ва бошқариш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш, маълумотларни экспорт қилиш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш имкониятлари амалий машғулотлар орқали кўриб чиқилди.
Тадбир давомида платформани Ўзбекистоннинг навбатдаги Икки йиллик шаффофлик ҳисоботини (БТР 2) тайёрлаш жараёнига интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Платформадан фойдаланиш БТР ва унинг таркибий қисми бўлган Миллий иссиқхона газлари кадастрини тайёрлаш, тегишли маълумотларни бошқариш ва ҳисоботларни шакллантириш жараёнларини янада тизимли ва самарали ташкил этиш имконини беради.
Семинар-тренинглар якунида Миллий шаффофлик тизими онлайн платформаси миллий манфаатдор томонларга расман топширилди ва амалий фойдаланиш учун ишга туширилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси








