Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Халқаро валюта жамғармаси вакиллари мамлакатимиздаги макроиқтисодий жараёнлар юзасидан фикр алмашди
2024-09-20 16:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе, ХВЖнинг катта иқтисодчилари Лауренс Двайт ва Алехандро Симоне ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар бугунги кунда мамлакатимиздаги макроиқтисодий тенденциялар, барқарор иқтисодий ўсиш, хизматлар ва саноат соҳаларини янада ривожлантириш, инфляция даражаси барқарорлигини таъминлаш, ҳудудлар иқтисодиёти ва инфратузилмавий ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида шакллантирилаётган мастер-режалар, хусусий секторни, жумладан, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш, экспорт салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, муҳокамалар жараёнида томонлар Ўзбекистонда давом эттирилаётган тизимли ислоҳотлар, хусусан, давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларнинг трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари, энергетика соҳасида бозор муносабатларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ўзгаришлар, энергия самарадорликни ошириш юзасидан фикр алмашди.
Шу билан бирга, йўл қурилиши ва энергетика соҳаларида амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, яшил иқтисодиётни ривожлантириш орқали яшил ва инклузив ўсишни таъминлаш, барқарор иш ўринларини яратиш, солиқ бошқаруви соҳасини такомиллаштириш, бюджет прогнозлари юзасидан ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар бўйича сўз юритилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


