“Яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини баҳолаш тартиби бўйича семинар ўтказилди
2026-08-25 17:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу тадбир БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи ва Франция тараққиёт агентлиги (FTA) кўмагида Ўзбекистонда “Яшил ривожланишни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва барқарор молиялаштириш тизимини ривожлантиришга қаратилган амалий қадам сифатида Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази ва Марказий банк ҳамкорлигида ташкил этилди. Семинарда 16 та тижорат банкидан 40 нафардан зиёд мутахассис ва экспертлар иштирок этди.
Тадбирда “Яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини баҳолаш тартибининг асосий талаблари ва уни банкларнинг кредитлаш жараёнларига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди. Миллий “яшил” иқтисодиёт таксономиясига мувофиқ, “яшил” лойиҳалар қайта тикланувчи энергетика, тоза транспорт, энергия самарадорлиги, сув ва ресурслардан самарали фойдаланиш, декарбонизация ва экотизимларни муҳофаза қилиш каби 5 та асосий йўналишни қамраб олади.
Амалий машғулотлар давомида иштирокчилар Миллий “яшил” иқтисодиёт таксономияси мезонлари асосида лойиҳаларни баҳолаш, техник кўрикдан ўтказиш, иссиқхона газлари эмиссияси қисқартиришларини ҳисоблаш, мавжуд кредит портфелидаги “яшил” лойиҳаларни аниқлаш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамладилар. Шунингдек, қуёш фотоэлектр станциясини барпо этиш ва “яшил” транспорт мисолида лойиҳани баҳолаш жараёни босқичма-босқич кўриб чиқилди.
Семинарнинг кейинги муҳим босқичи сифатида икки ойлик техник пилот лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Пилот доирасида “яшил” лойиҳаларни баҳолаш мезонларининг амалий самарадорлиги синовдан ўтказилиб, уларни банкларнинг кредитлаш ва мониторинг жараёнларига интеграция қилиш имкониятлари баҳоланади.
Мазкур ташаббус тижорат банкларида “яшил” лойиҳаларни мустақил баҳолаш салоҳиятини ошириш, “яшил” кредит портфелини шакллантириш ҳамда халқаро иқлим молияси, шу жумладан, (CIF) доирасида жалб қилинадиган имтиёзли молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси







